Ёш тележурналистлар сафи кенгаймоқда
Бухоро вилояти телерадиокомпанияси 1993 йил сентябрь ойида ташкил этилган.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Бухоро вилояти телерадиокомпанияси 1993 йил сентябрь ойида ташкил этилган. Эфирга узатиш 1994 йил 13 март санасидан бошланган.
Кўрсатувлар ўзбек, рус ва тожик тилларида намойиш этилади. Дастлаб томошабинларга ҳукмига ҳафтада уч маротаба эфирга мунтазам 1 соат 10 дақиқа мобайнида кўрсатувлар ҳавола қилинди. Айни пайтда бу 18 соатни ташкил этмоқда. Кунлик умумий эфирни сифатли қилиб тайёрлаш борасида телерадиокомпаниянинг аҳил жамоаси ҳамжиҳатлик асосида иш олиб бораётир.
Телерадиокомпания мамлакатда, шу жумладан, вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолининг барча қатламларига етказиш, уларнинг маънавий-ҳуқуқий билимларини юксалтириб, сиёсий фаоллигини ошириш йўлида бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда.
2018-2020 йилларда телевидение ижодий салоҳиятини ошириш мақсадида бир қатор ёш кадрлар ишга қабул қилинди. Бунинг натижасида 2014-2017 йилга нисбатан тайёрланган оригинал тематик кўрсатувлар сони ва сифати 80 фоизга ошди. Ҳозирги кунда 32 нафар ижодий, 19 нафар техник ва 24 нафар мутахассис ходимлар фаолият олиб бормоқда.
2020 йил барча жабҳаларда бўлгани каби телерадиокомпания учун ҳам анча синовларга бой бўлди. Хусусан, эълон қилинган пандемия сабаб қисқартирилган таркибда иш жараёнлари ташкиллаштирилди. Вируснинг хавфли томони унинг тарқалишига йўл қўймаслик, аҳолини қийнаётган ижтимоий-иқтисодий масалалардаги муаммоларига ечим топиш мақсадида ҳар куни «Кун мавзуси» рукни остида 1 соатлик 3 та жонли мулоқотлар эфирга узатилмоқда.

Карантин даврида вилоятда кечаётган ўзгаришлардан аҳолини ўз вақтида хабардор қилиб бориш мақсадида янги форматдаги «Махсус репортаж» дастури орқали ижодий жамоа ўз маҳоратини намойиш этаётир.
Эфир сеткасида белгиланган режаларни ҳам вақтида бажариш учун аксарият муҳаррирлар уй шароитида онлайн тарзда фаолият юритмоқда. Бу билан бутун жамоа изланишда бўлиб, эфир сифати янада бойишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
Узоқ йиллик иш тажрибасига эга муҳаррирлардан Меҳрибон Зарипова, Зуҳро Рамазонова, Инобат Очилова, Матлуба Одинаева ҳамда Мақсуда Жумаеваларнинг маданий-маърифий, ижтимоий ва кўнгилочар дастурлари доимий эфирга узатилаётир.

Ёш ва маҳоратли журналистлар Лобар Қиличева, Олим Жўраев, Муаттар Асадова, Суҳроб Шеров, Фарида Очиловалар жонли мулоқот орқали халқимиз муаммоларига ечим топишга ҳаракат қилишмоқда. Мурожаатчиларни ўйлантираётган саволларга жавоб олишлари учун техник жамоа билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Айниқса, видеомуҳандислардан Журъат Воҳидов, Ойбек Нормуродов, Нодир Юнусов, Нозима Истамова, Азиз Амоновлар карантин шароитида ҳар куни турли кўрсатувлар тайёрлаётган бўлса, жамоадаги 9 нафар операторлар уларга керакли тасвирларни етказиб бераётир.
Айни чоғда аҳил жамоа юртимиз мустақиллигининг 29 йиллиги олдидан яна бир қатор йўналишларда сифатли кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаб, халқимиз эътиборига ҳавола этишни ўз олдига мақсад қилган.

Фармон АМИНОВ,
Бухоро вилояти телерадиокомпанияси директори