Ёш тадбиркорларга кенг имкониятлар
Навоийда “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолати ва истиқболлари” I республика ёш тадбиркорлар бизнес-форумининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Навоийда “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолати ва истиқболлари” I республика ёш тадбиркорлар бизнес-форумининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Форумда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилаётган танловларда ғолибликка эришган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаган фаол ёшлар, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этди.
– Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, интилиш ва ташаббусларини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Навоий вилояти кенгаши раиси Жамшид Хўжаев. – Ёшларнинг ишбилармонлик салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган мазкур бизнес-форум ҳам янги ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериши билан аҳамиятлидир. Ташкилотимиз ташаббуси билан ташкил этилаётган “Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, “Менинг бизнес ғоям” каби танловлар ҳамда “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остидаги кўргазма шижоатли ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этишда муҳим омил бўлаётир.
Форумда тадбиркорларга яратилган имтиёз ва преференциялар, қонун ҳужжатларида хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар, солиқ, божхона ва рўйхатдан ўтказиш турлари бўйича имтиёзлар, молия-кредит масалаларидаги эркинлик ҳамда экспорт-импорт жараёнларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар хусусида фикр алмашилди.
– Мамлакатимизда ёш тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилаётгани бизни янада изланишга ундамоқда, – дейди Навоий шаҳридаги “Навоий гипсоблок” оилавий корхонаси раҳбари Шаҳноза Абдураҳмонова. – Хусусан, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказилган “Менинг бизнес ғоям” танловининг мамлакат босқичида ғолиблар сафидан ўрин олганим ғайратимга ғайрат қўшди. Жумладан, мен ҳам ёш ишбилармон сифатида оилавий корхона ташкил этдим. “Асакабанк”нинг вилоят филиалидан олинган 23 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит қурилиш моллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишимизда муҳим омил бўлди. Бугунги форумда ёшлар тадбиркорлигига берилган имтиёзлар хусусида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлдим.
Янги ғоя ва истиқболли лойиҳалари ишлаб чиқаришга татбиқ этилаётган 10 нафар ёш тадбиркор бизнес-форумнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.