Ёш тадбиркорлар учун имконият
Мамлакатимизда ёшларнинг бизнес режаларини қўллаб-қувватлаш, микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали янги иш ўринлари яратиш доимий эътиборда.
Мамлакатимизда ёшларнинг бизнес режаларини қўллаб-қувватлаш, микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали янги иш ўринлари яратиш доимий эътиборда.Тошкент темир йўл касб-ҳунар коллежида ўтказилган битирувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, якка тартибдаги меҳнат фаолияти, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга бағишланган тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва қатор тижорат банклари ҳамкорлигида коллежлар ва академик лицейлар битирувчилари ўртасида мунтазам ўтказиб келинаётган “Менинг бизнес ғоям” танлови битирувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг ўз бизнес фаолиятини йўлга қўйишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур саъй-ҳаракатлар самарасида ҳар йили касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган кўплаб йигит-қизлар ўз бизнесини йўлга қўйиб, оилалар фаровонлигига ҳисса қўшмоқда.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Миробод тумани бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда тумандаги касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларнинг мингга яқин битирувчиси ўз бизнес ғояси билан иштирок этди. Танлов учун энг яхши бизнес режалар танлаб олинди.
Тошкент темир йўл касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Маҳбуба Чориеванинг экологик тоза ювиш воситаларини ишлаб чиқаришга оид ғояси иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.
– Тадбиркорлик билан шуғулланаман, юртим ривожига ўз ҳиссамни қўшаман, деган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда, – дейди Маҳбуба. – Келгусида ўз режаларимни амалга ошириб, муваффақиятга эришиш ниятидаман.
“Тадбиркор ёшлар” консультатив маркази томонидан битирувчи ўқувчиларга бизнес режалар тузиш, уларни ҳаётга татбиқ этиш, ҳуқуқий билимларини ошириш юзасидан тавсиялар берилди.