Ёш самбочилар муносиб кутиб олинди
Унинг 23 таси олтин, 11 таси кумуш ва 6 таси бронза медалларидир.
Ҳиндистон давлатининг Нью-Дели шаҳрида 13-15 сентябрь кунлари самбо бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ўзбекистонлик самбочилар 40 та медални қўлга киритган эди. Унинг 23 таси олтин, 11 таси кумуш ва 6 таси бронза медалларидир.
Қитъамизнинг ушбу нуфузли мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида 4 нафар хоразмлик ёш самбо устаси ҳам қатнашиб, медалларимиз жамғармасига ўзларининг муносиб улушини қўшишди. Ҳиндлар замини Эгамберган Искандаров ва Аслбек Хўжабоев олтин медаль, Санжар Машарипов ва Жамшид Бобохоновлар эса кумуш медаль соҳибига айланди.
Ўз навбатида Хоразм воҳасига катта ютуқ билан қайтган самбочилар Урганч темир йўл вокзалида вилоят спорти жамоатчилиги, мураббийлар, ота-оналар ва дўстлари томонидан тантанали тарзда кутиб олинди. Уларнинг барчасига ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида анвойи гуллар тақдим этилиб, зарбоп тўнлар кийдирилди.