Яхши хабар
Ўзбекистон мерганлари халқаро мусобақада учинчи бор олтин медални қўлга киритди
Туркия Республикасида жорий йилнинг 10-21 май кунлари VI Халқаро “Энг илғор мерганлар жамоаси” мусобақаси бўлиб ўтди. Унда 13 давлатдан 24 та жамоа иштирок этди.
Мазкур нуфузли беллашувда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги мерганлар жамоаси ҳам муносиб иштирок этиб, юксак натижаларни қайд этди.

Мусобақа Туркиянинг Испарта шаҳридаги “Коммандос” тоғ-ўқув машқлар марказида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Туркия, Туркманистон, Покистон, Косово, Озарбайжон, Италия, Грузия, Болгария, Мўғулистон, Испания, Жазоир каби давлатлар жамоалари ўзаро куч синашди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда мураккаблиги юқори бўлган 8 та шарт бўйича баҳсларда қатнашди. Жумладан, ҳарбий жамоалар “Минора ва қайиқдан ўқ отиш”, “Жанговар отиш”, “Юқори аниқликда отиш”, “Тўсиқ ортидан отиш”, “Ҳаводаги вертолётдан отиш”, “Ўзини синаш”, “Тунда номаълум масофаларга ўқ отиш” ҳамда “Сюрприз” шартлари бўйича маҳоратини намойиш этди.
Мусобақа давомида жамоаларнинг 7 та шарт асосида тўплаган баллари сарҳисоб қилиниб, энг кучли ўнта жамоа финал босқичига йўлланма олди. Қувонарлиси, ҳал қилувчи баҳсда ўзбекистонлик моҳир мерганлар вазифаларни юқори аниқлик ва тезкорлик билан бажариб, рекорд натижаларни қайд этди. Мураккаб вазифаларни муддатидан олдин адо этган ҳарбийларимиз ўзларининг юксак профессионал тайёргарликка эга эканини амалда намоён қилди.

Қарийб 10 кун давом этган беллашувлар якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоа хорижий давлатлар армиялари орасида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, олтин медаль билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси ушбу мусобақада бешинчи маротаба иштирок этмоқда. 2022–2023 йилларда иккинчи ўринни, 2024–2026 йилларда эса кетма-кет биринчи ўринни қўлга киритиб келмоқда.

Бундай нуфузли халқаро мусобақаларда қатнашиш ҳарбий хизматчиларимизнинг жанговар тайёргарлигини янада ошириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва ўзаро билим алмашишда муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА