Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг янги биноси очилди
25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси янги биносининг фойдаланишга топширилгани байрамга ҳақиқий туҳфа бўлди.
Пойтахтнинг Яшнобод тумани ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари ҳамда аҳоли салмоғи шиддат билан ўсиб бораётган ҳудудларидан бири бўлиб, Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига кунига юзлаб юртдошларимиз мурожаат билан келади.
Ташриф буюрувчилар учун қулай шароит яратиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашда самарали натижаларга эришиш мақсадида бошқарма учун янги бино бунёд этилди.

Янги бинонинг очилиш маросмида ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов, туман ҳокимлиги вакиллари, соҳа фахрийлари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
А.Тошпўлатов янги бинонинг фойдаланишга топширилиши уч юз мингга яқин туман аҳолиси ва пойтахт меҳмонлари учун замонавий қулайликларни яратиши билан алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Бу ерда хизмат олиб бораётган шахсий таркиб ҳам яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонга муносиб, ҳалоллик ва садоқатни бош мезон сифатида белгилаб хизмат олиб бориши зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда анъанага кўра рамзий ленталар кесилиб, бино фахрийлар томонидан яхши тилаклар билан очиб берилди. Меҳмонлар хизмат хоналарида яратилган шароитлар, фуқаролар учун ташкил этилган қулайликлар билан яқиндан таништирилди.
Туман ҳудудида хизмат олиб бораётган куч-воситалар бир нуқтадан бошқарув тизими асосида мувофиқлаштирилади. Тизим қалқон платформасига интеграция қилинган ва маълумотлар алмашинуви онлайн режимда амалга оширилади.
Аввалги бино 1967 йилда қурилган бўлиб, кўп жиҳатдан замонавий талабларни бажара олмайдиган ҳолатда эди. Битта хизмат хонасида 4-5 нафар ходим хизмат олиб борган.

Янги фойдаланишга топширилган 100 дан ортиқ хизмат хоналарида эса ходимлар учун зарурий барча шароитлар яратилган, техник воситалар, компьютер жамланмалари билан таъминланган.
Аҳолига хизмат кўрсатиш, миграция ва персоналлаштириш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ҳар бир чақирувга ўз вақтида тезкорлик билан муносабат билдириш учун эндиликда барча имкониятлар яратилди.
Шу билан бирга, машғулот ва фитнес ускуналари билан жиҳозланган спорт зал ходимларни жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириш учун хизмат қилса, 204 ўринли маърифат зали туман миқёсидаги тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган.
Ички ишлар вазири янги бино шунчаки ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси эмас, балки фуқаролар муаммосини тезлик билан ҳал этадиган замонавий тизимнинг муҳим бир қисми эканини алоҳида таъкидлади.
Эндиликда бу маскан чақирувларга тезкорлик билан жавоб берадиган, фаолиятига замонавий техникалар ва сунъий интеллект жорий этилган рақамли бошқарма сифатида фаолият кўрсатади.
Н.Абдураимова,
ЎзА