Яширин юк фош этилди
Мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, ҳалол тадбиркорлик муҳитини муҳофаза қилиш ҳамда ноқонуний товар айланмасига қарши курашишда божхона органлари томонидан замонавий ахборот технологиялари ва хавфларни таҳлил қилиш тизимларидан самарали фойдаланилмоқда.
Ана шундай изчил назорат тадбирлари натижасида Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” чегара божхона постида йирик қонунбузилиш ҳолати ўз вақтида фош этилди.
Божхона пости орқали хориждан импорт қилинаётган юк “Хавфни бошқариш” тизими орқали дастлаб “сариқ” йўлакка йўналтирилган. Бироқ тажрибали инспекторлар юкнинг рентген тасвирлари ҳамда божхона ҳужжатларидаги маълумотларни ўзаро таққослар экан, улар ўртасидаги жиддий тафовутларга эътибор қаратишди.

Шундан сўнг ўтказилган батафсил божхона кўриги давомида юк кузатув ҳужжатларида умуман қайд этилмаган, оғирлиги 3 тоннадан ортиқ бўлган турли хил авто эҳтиёт қисмлари яширин тарзда мамлакат ҳудудига олиб кирилаётгани аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, декларация қилинмаган мазкур товарларнинг умумий қиймати 3 миллиард 499 миллион сўмни ташкил этган. Бу эса давлат бюджетига катта миқдордаги божхона тўловлари тушмаслигига, ички бозорда эса ноқонуний товар айланмаси кучайишига сабаб бўлиши мумкин эди.
Ҳозирда аниқланган барча товарлар белгиланган тартибда вақтинча сақловга олинган. Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ҳамда қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий баҳо берилади.

Бу ҳолат яна бир бор замонавий рентген назорати, “Хавфни бошқариш” тизими ва божхона ходимларининг юксак касбий маҳорати ноқонуний товар айланмасига қарши курашда қанчалик муҳим аҳамият касб этишини яққол намоён этди. Давлат чегарасида олиб борилаётган бундай қатъий назорат тадбирлари мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳалол тадбиркорлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда яширин иқтисодиётга қарши курашишда муҳим ўрин тутаётгани шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири