Яшилликка айланаётган чўл
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида жойлашган 10 гектар майдонни эгаллаган “Галофит боғи”да навбатдаги экологик тадбир юқори савияда ташкил этилди. Ушбу тадбир нафақат ҳудуднинг табиий имкониятларини ўрганиш, балки чўл шароитида барқарор экотизим яратиш йўлидаги муҳим амалий қадам сифатида аҳамият касб этди.
Тадбирда вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ходимлари, ўрмон хўжалиги мутахассислари ҳамда Хитойдан ташриф буюрган ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, ҳудудда етиштирилаётган чўл ўсимликларининг ҳолатини атрофлича таҳлил қилди.
Маълум қилинишича, мазкур галофит боғида ҳозирда 35 турдан ортиқ шўр ва қурғоқчил шароитга мослашган ўсимликлар парвариш қилинмоқда. Ўрганиш жараёнида уларнинг кўкарувчанлик даражаси, маҳаллий иқлимга мослашуви, ўсиши ва умумий биологик ҳолати илмий асосда баҳоланди.

Мутахассисларнинг фикрича, галофит ўсимликлар – табиатнинг ўзига хос мўъжизаси бўлиб, улар шўрхок тупроқларда ҳам самарали ўсиш хусусиятига эга. Эколог олимларнинг таъкидлаганидек, бундай ўсимликлар нафақат ернинг шўрланиш даражасини пасайтиради, балки тупроқ структурасини яхшилаб, кейинчалик бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун замин яратади.
Тадбир доирасида халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам янада мустаҳкамланди. Хитойлик мутахассислар ўз мамлакатларида галофит ўсимликларни етиштириш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича орттирган тажрибалари билан ўртоқлашди. Улар томонидан илгари сурилган илмий тавсиялар, айниқса, сув танқислиги кучайиб бораётган ҳудудлар учун муҳим аҳамиятга эга.

Хорижий экспертларнинг фикрича, Қоракўлдаги бу лойиҳа Марказий Осиёда чўл ҳудудларини барқарор ривожлантириш учун намуна бўлиши мумкин. Агар илмий ёндашув изчил давом эттирилса, бу ерда юқори самарадор экотизим шаклланади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, галофит боғлари экологик мувозанатни сақлашда муҳим ўрин тутади. Улар шамол эрозиясини камайтиради, атмосфера ҳавосини яхшилайди ва биохилма-хилликни оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, бундай яшил ҳудудлар чўл зоналарини ўзлаштириш, улардан оқилона фойдаланиш ҳамда келажак авлодлар учун барқарор муҳит яратишда самарали воситадир.
Туманидаги “Галофит боғи” нафақат илмий тадқиқот майдони, балки экологик муаммоларга амалий ечим топилаётган инновацион платформага айланмоқда. Бу ерда олиб борилаётган ишлар келгусида бутун минтақада чўлланишга қарши курашиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш борасида муҳим натижалар беришини кутиш мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.