“Яшил” техникумларда янги имкониятлар: Экостипендия ва узвий таълим тизими
Сўнгги йилларда мамлакатимизда экологик барқарорлик ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Қайд этиш лозимки, мамлакатимиздаги қонунчиликка асосан, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб “яшил” техникумлар фаолиятида муҳим ўзгаришлар амалга оширилади.

Аввало, таълим тизимида узвийлик таъминланади. Энди “яшил” техникумлардаги ўқув жараёни университетлар томонидан ишлаб чиқилган ва Касбий таълим агентлиги томонидан тасдиқланган дастурлар асосида ташкил этилади. Бу эса ўқувчиларга юқори босқичдаги таълимга тайёргарликни янада самарали олиб бориш имконини яратади.
Шунингдек, техникумлардаги мажбурий ва танлов фанлари бевосита университетлар томонидан белгиланади. Бу орқали ўқув дастурлари замонавий талабларга мослаштирилиб, талабаларнинг назарий ва амалий билимлари мустаҳкамланади. Яна бир муҳим жиҳат — университетларнинг 1-босқичида ўқитиладиган айрим мутахассислик фанлари техникумларнинг 2-босқич дастурига махсус курс сифатида киритилади. Бу тартиб ўқувчиларга вақтни тежаган ҳолда юқори таълим босқичига яқинлашиш имконини беради.
Энг аҳамиятли янгиликлардан бири — техникум битирувчилари учун енгилликлар жорий этилиши. Агар ўқувчи техникумни муваффақиятли тамомлаб, инглиз тилидан В2 даражага эга бўлса ва унинг GPA кўрсаткичи талабларга жавоб берса, у бакалавриатнинг 2-босқичидан ўқишни давом эттириши мумкин бўлади. Бу иқтидорли ёшлар учун катта рағбат ва имкониятдир.
Бундан ташқари, “яшил” техникумларда Экостипендия таъсис этилиши ҳам муҳим қадам ҳисобланади. Ҳар йили 10 нафаргача энг иқтидорли ўқувчиларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган стипендия берилиши белгиланган. Бу нафақат молиявий қўллаб-қувватлаш, балки экологик йўналишда билим олишга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ислоҳотлар “яшил” таълим тизимини янги босқичга олиб чиқади. Ушбу ўзгаришлар ёшларнинг сифатли таълим олиши, халқаро талабларга жавоб берадиган мутахассис бўлиб етишиши ва экологик онгни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА