“Яшил макон”: сирдарёлик журналистлар фаол
Барча юртдошларимиз қатори сирдарёлик журналистлар ҳам юртимизда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этмоқда.
Сайхунобод туманидаги "Фаровон" маҳалласида жойлашган хусусий шерикчилик асосидаги "Гуландом" мактабгача таълим ташкилотида лойиҳа доирасида пресс-тур бўлиб ўтди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда Сирдарё вилоятида яшаб, меҳнат қилаётган журналистлар иштирок этди.
Шу куни журналистлар томонидан болалар боғчасининг мўъжазгина боғига олма, ўрик, шафтоли, беҳи, олча каби бир қатор мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, турли хил гул кўчатлари ўтқазилди.
Бу мевали ва манзарали дарахт кўчатларини болалар боғчасига Сайхунобод туман кенгаши депутати, фермер Роҳатой Назарова тортиқ қилди.

– Биз эккан бу дов-дарахтлар келгусида боғ бўлибгина қолмай, болажонларни иссиқдан асрайди, салқинлик беради, меваларидан баҳраманд қилади, – деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раҳбари Бойжигит Абдуллаев. – Боғимиз болажонларни тоза ва мусаффо ҳаводан нафас олиши учун имкон беради. Дарахт экиш, уни парваришлаш бир кунлик иш эмас. Биз бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимизни йил бўйи давом эттирамиз.
Эслатиб ўтамиз, сирдарёлик журналистлар ўтган ҳафтада лойиҳа доирасида Сирдарё туманидаги боғдорчиликка ихтисослаштирилган “СҲМ-Журналист” фермер хўжалиги боғида ҳам кўчат эккан эди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА