Яшил макон: натижа кутилгандек бўлади
Фармон ва ижро
Сўнгги йиллар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича ҳудудларда иқлимга мос кўчатлар экиш ва парваришлашга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Жумладан, Тошкент вилоятида 2024 йил бу борадаги саъй-ҳаракатлар асосида куз мавсумида 6 миллион 488 минг туп мевали ва манзарали кўчатларни экиш режалаштирилган бўлиб, амалда бу ишлар 106,7 фоизга бажарилди.

Хусусан, Тошкент вилояти ҳокимининг тегишли қарорига асосан туман-шаҳарларда мавжуд жойларга мос тарзда мевали ва манзарали кўчатларни танлаш ва экиш режаси белгилаб берилган. Шу бўйича фермер хўжаликлари ва пахтачилик-ғаллачилик кластерларнинг далалари четларида иҳота барпо қилинди ва 1 миллион 649,9 минг туп кўчатлар экилди. Ҳудудларда янги боғлар, токзорлар ва янги тутзорлар барпо этиш учун 980 минг 810 туп мевали кўчатлар ажратилиб, манзилли тарқатилди.
Бундан ташқари, маҳалла фуқаролари йиғинлари, аҳоли томорқалари атрофи, Ободонлаштириш бошқармалари ҳудудларида ҳам яшил ҳудудлар ташкил этиш чоралари кўрилди. Айниқса, ўрмон фонди ерларида янги дарахтзорлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди. Автомобиль ва темир йўл бўйлари, дарёлар, каналлар, ариқлар ва зовурлар бўйлари тартибга келтирилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, атроф-муҳитга таъсир хавфи бўйича юқори ва ўрта даражадаги хавфли тоифаларга мансуб саноат корхоналари томонидан “Яшил белбоғ”лар барпо этилди. Чиқинди полигонлари атрофида иҳота дарахтзорлар барпо қилинди.
Бундан ташқари, вилоят ҳудудидаги I-II тоифага мансуб металлургия, кимё, энергетика ва цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган 146 та саноат корхоналари томонидан 502 минг туп кўчат экиб “Яшил белбоғ”ларни барпо этиш ишлари тегишли тартибда амалга оширилмоқда. Ҳозирча 0,50 гектардан кам бўлмаган 46 та майдонда боғлар ташкил этилиши белгиланган бўлсада, бугунги кунга қадар бу режа бор йўғи 17 та туман-шаҳар ҳокимликлари томонидан 2 тадан ташкил қилинган.

Президентнинг 2023 йилнинг 23 ноябридаги “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, ”Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармонига асосан 2024-2026 йилларда жами 441,0 гектар Тошкент шаҳри атрофида “Яшил белбоғ”лар барпо этилади.
“Корея тажрибаси” асосида Нурафшон шаҳрининг 5,48 гектар ер майдонида “Яшил макон” масканлари ташкил этилди. Бекобод шаҳри, Ўрта Чирчиқ, Оҳангарон ва Тошкент туманларида ҳам шу каби ишлар қилинади. 2025 йилда эса вилоятда бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириш, мавжуд боғлардаги кўчатлар парваришини таъминлаш чоралари кўрилади.
А.Мусаев, ЎзА