“Яшил макон” лойиҳаси – амалда
Юртимизнинг ҳар бир гўшасида баҳор нафаси кезмоқда. Ҳар йили мана шу паллада ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, дарахт ва гул кўчатлари ўтқазиш ишлари авж олади.
Шимолий кон бошқармаси жамоаси ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкламги юмушларни бошлаб юборди.
Дунёда иқлим ўзгариб бораётганини инобатга олиб, олис чўл ҳудуди бўлган Учқудуқ туманида ҳам экологик вазиятни барқарорлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Умуммиллий лойиҳа доирасида ҳудудда дарахт ва бута кўчатларини экиш ишлари бошланиб, боғлар, иҳотазорлар майдони борган сари кенгайиб бормоқда. Зеро, қиши изғиринли, ёзи гармсел, қумзорлар бағрида жойлашган чўл ҳудуди учун бу сув ва ҳаводек зарур.

Олис манзилни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш жараёнларида Шимолий кон бошқармаси жамоаси ҳам фаол иштироқ этмоқда.
– Кейинги йилларда ҳудудда “яшил қоплама”, “яшил иҳотазор” – ҳимоя ўрмонлари барпо этиш, чўл иқлимига мос манзарали дарахт, саксовул ва бута кўчатлари экиш ишлари жадал давом этмоқда, – дейди кон бошқармаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш гуруҳи муҳандиси Алихон Баҳромов. – Биргина ўтган йили бўлинмалар майдонлари, атрофларига 70,6 минг туп манзарали дарахт, саксовул, лугуструм (бересклет) навли буталар экилди. Шу кунларда эса 3-гидрометаллургия заводи атрофида “НКМК 65 йиллик боғи” барпо этилиб, 8 минг тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди ва бу ниҳоллар “Яшил макон” электрон платформасига киритилди.


Бу йил кон бошқармаси жамоаси “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги мавсумда ўз корхоналари ҳудудида 86 минг туп саксовул, бересклет, қайрағоч ва тут кўчатлари экишни режалаштирилган.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири