“Яшил макон” барқарор келажакка қаратилган муҳим қадам
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимиз ҳудудларида кўчат ва буталарни экиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мазкур жараёнларда Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари ҳам фаоллик кўрсатиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур чоралар кўрилишига эътибор қаратмоқда.
Партиянинг Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан Сирдарё давлат ўрмон хўжалигида Маҳаллалар уюшмаси ҳамда экология соҳаси мутахассислари ҳамкорлигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида семинар ташкил этилди. Унда ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, дарахт ва бута кўчатларини экиш ишларини тизимли ташкил этиш, экилган кўчатларни парваришлаш ҳамда уларнинг яшовчанлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг куз мавсумида вилоят ҳудудларида 9 миллион 226 минг туп кўчат экиш режалаштирилган. Ушбу жараёнда ҳудудларнинг иқлим ва тупроқ шароитига мос 12 хил турдаги дарахт ва бута кўчатлари экилиши кўзда тутилмоқда.
Тадбир давомида кўчат экиш баробарида уларни келгусида суғориш, парваришлаш, ҳимоялаш ва яшовчанлигини мониторинг қилиш экологик лойиҳанинг энг муҳим босқичларидан бири экани алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда иқлим ўзгариши, ҳавонинг ифлосланиши, сув ресурсларининг қисқариши каби экологик муаммолар шароитида дарахт экиш шунчаки ободонлаштириш тадбири эмас, балки инсон саломатлиги, экологик хавфсизлик ва келажак авлод фаровонлигига қаратилган муҳим қадам бўлиши зарурлиги қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, келгусидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова,
ЎзА