“Яшил макон”: Адлия боғлари кўпаймоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 23 ноябрдаги “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур ҳужжат асосида “Менинг боғим” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу лойиҳани амалга оширадиган тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш кўзда тутилган.
Лойиҳадан кўзланган мақсад ҳар бир ҳудудда дендрарийлар, дендрология ва ботаника боғларини ташкил қилиш, шаҳар ва туманларни «яшил белбоғ»лар билан ўраб олиш, 5 гектардан кам бўлмаган йирик боғларни барпо этиш, трансчегаравий гармсел шамоллари ва чанг-қум бўронлари таъсирини камайтириш учун «яшил қалқон» ташкил қилишдир.

Бу жараёнда давлат органлари – вазирлик ва идоралар ҳам фаол иштирок этиб, хайрли ишга беғараз кўмак кўрсатмоқда.
Адлия вазирлиги тизими ходимлари мамлакатимизни яшил маконга айлантиришга астойдил бел боғлаб, ушбу хайрли ишларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Бўстонлиқ туманида ташкил этилган дарахт экиш акцияси бунга яна бир яққол мисолдир. “Оқсоқ ота” сойи ҳудудида кенг миқёсли кўкаламзорлаштириш ишларига старт берилди. Вазирлик томонидан 30 гектар ер майдонида бодом, наъматак ва бошқа бир қатор манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.
Таъкидлаш керакки, дарахтлар ҳаводаги зарарли карбонат ангидридни ютиб, ўрнига кислород ишлаб чиқаради ва бизнинг нафас олишимизга ёрдам беради. Улар иссиқда салқинлик беради, атроф-муҳитни шовқинлардан ҳимоя қилади. Аҳоли яшаш пунктларида дарахтлар экиш, яшилликни яратиш ва янгилаш – доимий жараён. Бунда, асосийси, ниҳолни экишда ҳудуднинг хусусиятини, суғориш, иқлими, тупроғини ҳисобга олишдир.
Шунинг учун вазирлик жамоаси ушбу масалаларда ўрмон хўжалиги мутахассисларини, экологларни доимо жалб қилиб келмоқда.
– Бўстонлиқ туманида “Адлия боғи” яратишда ҳам кўчат экиш жараёнлари махсус мутахассис кўрсатмаларига асосан, дарахт экиш қоидаларига риоя этган ҳолда амалга оширилди, – деди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева. – Шунингдек, мазкур хайрли ишлар шу билан якунига етмайди. “Адлия боғлари” нафақат бир кунда, балки доимий равишда ўз тартиб қоидаси бўйича парвариш қилиниб борилади. Баҳор мавсумида Адлия вазирлиги тизими ташкилотлари томонидан ҳозирга қадар 80 минг дона кўчат экилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ноябрь ойида Тошкентнинг Миробод, Яккасарой, Юнусобод, Шайхонтоҳур, Олмазор, Сергели ҳамда Янгиҳаёт туманларидаги 3 гектардан зиёд ер майдонида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Адлия боғлари” барпо этилди. Лойиҳа доирасида вилоят ва туман адлия органлари ҳам ўз ҳудудларида боғлар барпо этди ва 100 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари экилди.
Шу тариқа Адлия боғлари кўпайиб бормоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА