“Яшил келажак” учун янги тажриба
Оролбўйида экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, чўлланиш жараёнларини камайтириш ва яшил ҳудудлар кўламини кенгайтириш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети – Green University ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказида гужум, Писсард олчаси ва жийда дарахтининг биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда унинг ўсиш суръатини ошириш, барқарор ва сифатли кўчатлар етиштиришга қаратилган инновацион илмий-амалий ишлар йўлга қўйилди.
Тажриба доирасида кўчатхонадан олинган 1000 туп бир йиллик қайрағоч ва бодомнинг пайвандтаг кўчатлари махсус агротехник усуллар асосида тайёрланди. Мутахассислар томонидан кўчатларнинг илдиз қисми 10–15 сантиметрга қисқартирилиб, илдиз тизимини фаоллаштириш ва кўчатларнинг янги муҳитга тез мослашишини таъминлаш мақсадида зарур агротехник тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, гужум ва Писсард олчаси дарахтларининг соғлом, касаллик белгилари кузатилмаган ҳамда интенсив ўсиш хусусиятига эга бир йиллик новдалари саралаб олиниб, пайвандтагларга “ёрма пайванд” усулида пайвандлаш ишлари бажарилди. Пайвандларнинг муваффақиятли тутиб кетиш эҳтимолини ошириш мақсадида 10–15 кун мобайнида нам ҳолатдаги ёғоч қипиғи муҳитида белгиланган агротехник талаблар асосида сақланди.
Тажрибанинг кейинги босқичида жорий йил апрель ойининг биринчи ўн кунлигида очиқ майдонларга 1000 туп гужум ва Писсард олчаси кўчати билан бир қаторда 50 минг дона жийда қаламчаси инновацион услубда экилди. Жийданинг танланиши ҳам бежиз эмас. У қурғоқчилик, юқори ҳарорат ва шўрланган тупроққа чидамли бўлиб, Оролбўйи каби мураккаб табиий шароитларда яхши ўсиш хусусиятига эга.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, жийда нафақат яшил ҳудудларни кенгайтириш, балки тупроқ ҳолатини яхшилаш, шамол ва қум кўчишининг олдини олиш ҳамда экологик барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, жийданинг илдиз тизими тупроқ таркибини бойитиш хусусиятига эга бўлиб, деградацияга учраган ҳудудларни тиклашда самарали биологик восита сифатида қаралмоқда. Шунингдек, у асаларичилик, биоxилма-хилликни сақлаш ва ҳимоя дарахтзорларини ташкил этиш учун ҳам муҳим экологик аҳамиятга эга.
Ҳозирги кунда кўчатхонада агротехник парвариш ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Ушбу инновацион ёндашув натижасида юқори сифатли кўчатлар етиштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини янада кенгайтириш ҳамда шаҳар ва туман марказларида экологик барқарор яшил ҳудудлар майдонини сезиларли даражада оширишга ҳисса қўшиш кўзда тутилган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.