“Яшил” иқтисодиётга ўтиш йўлида яна бир муҳим ташаббус (+видео)
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилган 20 МВт қувватга эга “Чорбоғ” шамол электр станцияси ишга туширилди.
Станциянинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган мутахассислар лойиҳанинг аҳамияти, техник имкониятлари ва мамлакат энергетика тизимидаги ўрни ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди.
Аюбхон Мусулмонқулов – “Ўзбекгидроэнерго” АЖ етакчи мутахассиси:
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Айниқса, бу жараёнда “яшил” энергетикани ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган лойиҳаларни алоҳида таъкидлаш лозим.
Мазкур лойиҳанинг умумий қуввати 20 мегаватт бўлиб, тўртта шамол электр станциясидан иборат. Ҳар бир станциянинг қуввати 5 мегаваттни ташкил этади. “Чорбоғ” шамол электр станцияси Хитой Халқ Республикаси грант маблағлари асосида 28 миллион долларга қуриб битказилди. Қурилиш ишлари 2025 йил июль ойида бошланган бўлиб, 2026 йил 20 август куни станция фойдаланишга топширилди.
Қурилиш жараёнида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан зарур ташкилий, техник ва муҳандислик ишлари амалга оширилди. Станция йилига ўртача 50 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу қувват 20 мингга яқин хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.
Лойиҳа Хитой томонидан замонавий технология ва ускуналар асосида амалга оширилган. Қайта тикланувчи энергия манбасидан фойдаланиш эса экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва мамлакатда “яшил” энергетикани ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Бяньцюй Ли – “TBEA” компанияси директорлар кенгаши раиси:
– Икки мамлакат ўртасидаги ишончли ҳамкорлик Ўзбекистонда “яшил” энергетикани ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратмоқда.
“Чорбоғ” шамол электр станцияси лойиҳаси Хитой ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган ва молиялаштирилган. Шу билан бирга, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Биз ҳам ушбу лойиҳани Ўзбекистон ҳукумати кўмагида муваффақиятли амалга оширдик. Унинг самарадорлиги аввалги лойиҳаларга нисбатан анча юқори. Ишонаманки, мазкур ташаббус Ўзбекистон энергетика соҳасининг барқарор ривожланишига, энг муҳими, мамлакат ва унинг халқи фаровонлигига хизмат қилади.
Рустам Эргашев – “Чорбоғ” шамол электр станцияси эксплуатация бошлиғи:
– Мазкур шамол электр станцияси тўртта шамол генераторидан иборат бўлиб, ҳар бирининг қуввати 5 мегаваттни ташкил этади. Шамол генераторларининг умумий баландлиги 105 метрни, парракларининг узунлиги 90 метрни, айланиш диаметри эса 183 метрни ташкил этади.
Генераторлар шамол йўналишини автоматик равишда аниқлаб, унга мос равишда жойлашади. Шамол тезлиги 3 метр/секундга етганда генераторлар автоматик тарзда ишга тушади ва тезлик ортиши билан ишлаб чиқариладиган қувват ҳам ошиб боради.
Станцияда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси Ўзбекистоннинг ягона энергетика тизимига узатилади.
Шамол генераторларининг асосий афзаллиги шундаки, улар ҳеч қандай ёқилғи талаб қилмайди. Электр энергияси шамол кучидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилади. Бу эса шамол энергетикасини экологик тоза ва қайта тикланувчи энергия манбасига айлантиради.
Ҳозир биз шамол электр станциясининг бошқарув марказида турибмиз. Бу ердан компьютер тизими орқали барча генераторлар ва электр узатиш линиялари кузатилади ҳамда назорат қилинади. Шунингдек, станция ҳудудидаги видеокузатув тизимлари орқали объектларни визуал назорат қилиш имконияти мавжуд.
Шамол генераторлари тўлиқ автоматик тарзда ишлайди. Шамол тезлиги ошганда улар ҳеч қандай қўшимча буйруқсиз ишга тушади, тезлик пасайганда эса автоматик равишда тўхтайди.
Умамун олганда, “Чорбоғ” шамол электр станциясининг ишга туширилиши юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ва энергетика тизимида замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги муҳим лойиҳалардан биридир. Мазкур ташаббус “яшил” энергетика салоҳиятини ошириш баробарида, мамлакатнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнини янада жадаллаштиришга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OiaGPxsN6vg" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Ёқубжон Мелибоев,
Анвархўжа Аҳмедов (видео, монтаж), ЎзА