Яшашга ҳам вақт қолсин, биродар?!
Кўришганда эса қувониб кетадилар ёки қувонгандек кўрсатади ўзларини.
Ҳовли эшиги кодланган.
Кўпқаватли уйнинг йўлак эшиги кодли.
Хонадон эшигини ҳам кодни билмаган киши очолмайди.
Телефон кодланган.
Компьютер кодланган.
Сейфдаги ҳужжатлар ва жамғарилган пулларни ҳам махсус код ҳимоялайди.
Ёнимиздаги сумкачанинг ҳам 4 та рақамли коди бор – биров ўғирлаб кетса ҳам фойдасиз...
Мактабга, университетга киришда махсус ёрлиқ бор. Уни нур шуълаланиб турган ускунадан тасдиқлатиб олмасангиз, киролмайсиз.
... Ана шундай вазиятда қадим аждодларнинг эркин, озод қони бир зум танимда гупуриб кетади. Миямга рақамлардан ташқари нима қолди ўзи деган ўй урилади.
Уйдаги болаларнинг қалби-чи?
Кун бўйи рўзғор юмушлари билан андармон бўлган аёлнинг юрагига қандай тилсим орқали кирилади?
Дўстимга ҳасратлашиш учун қўнғироқ қилсам, унинг ҳам кайфият, вақт каби кодларини теришим зарурмикин?
Биз ана шундай рақамлар қуршовида яшашни бошладик.
Гоҳо ҳайрон бўламан: нега одамлар бир-биридан узоқлашиб боряпти? Бири иккинчисини йиллаб кўрмаса ҳам парвойи фалак. Кўришганда эса қувониб кетадилар ёки қувонгандек кўрсатади ўзларини. Ҳар ҳолда вақт етишмаяпти. Буни тан олиш зарур. Аммо аввалгидан беш-ўн баробар чаққон транспорт воситалари бор, интернет деган қўл-оёғи енгил хизматчи, телефон имкониятлари кўп ишларни ўзидан билиб адо этяпти.
Шундай бўлса ҳам вақт етмаётир. Бу нарса қишлоқларда ҳам сезилаяпти. Бировнинг уйига меҳмонга бориш, бир-икки кун туриб қайтиш каби ҳолатларни ҳатто қарияларимиз ҳам тарк этмоқда. Ўша отахон ёки онахондан шошилиши сабабини сўрасангиз, қизғин тарзда шундай дейди: “Ҳозир гап сотиб ўтирадиган замон эмас. Болаларнинг олдига борайин. Йиғим-терим пайти. Қўрадаги молларни бир айлантириб келсам ҳам ҳарна-да...”
Болалар-чи? Болалар ҳам банд. Шаҳар жойларда болалар мактаб ва мактабдан кейинги тўгараклар ва машғулотлардан ортмайди. Инглиз тилидан репетитор, рус тилидан репетитор, сузишга, расм чизишга яна бир балоларни ўрганишга бориш керак. “Дом” орасида ёки мактаб стадионида тўп тепиб юришга вақт йўқ.
Қишлоқ болаларининг гарданида томорқа ва чорва ташвишлари бор. Мактаб ҳам бор, албатта. Бироз кеч қолса отасидан ҳақини олади.Лекин ўйинга вақт йўқ.
Ҳа, ҳаёт мураккаблашди. Яшаш шартлари кўпайиб кетди. Уларни четлаб ўтиб бўлмайди, четламоқчи бўлган одамнинг ўзи четда қолиб кетади. Берилиб мусиқа тинглашга, болаларга эртак айтиб беришга, маҳалладош чол билан ҳеч бир манфаатсиз мириқиб суҳбатлашишга ҳафсала қолмаяпти. Ишлаш керак, вассалом!
Бугун 14 ёшли болани китоб ўқимасликда айблаш кўп тўғри эмас. Уни ўраб турган ахборот манбалари шу қадар кўпки, қайси бирига “аъзо” бўлишга ҳайрон турибди у.
Биз гоҳо “Адирда қўй боқиб, белимизга китобни боғлаб олиб юрардик. Шароит йўқ эди. Лекин ўқирдик. Сенлар шунча шароит бўлса ҳам ўқимаяпсилар” деб койиб қоламиз. Аммо бизда олдимиздаги яйдоқ дашт ва муроди қорин тўйдириш бўлган жониворлардан бошқа эрмак, чалғитувчи нарса йўқ эдики, китоб ўқишдан бошқа чора ҳам қолмасди.
Алқисса, кодланган ҳаётимизни енгиллатиш, кўнгилни, одамийликни асраб қолиш учун замонни ва янгиликларни айбдор қилмаслик керакка ўхшайди. Аксинча, ҳамма кодлар қалбимизда эканини тушуниш зарур. Кўнгилни кенгроқ қилиб, соф ўзбекча айтганда, “Бўлади-да. Бултурдан қолган иш борми?” дея олиш керак.
Тўй – тўй, аза – аза бўлиши, болаларнинг болалиги ўғирланмаслиги, кексаларнинг гаштли даври манфаатимизга хизмат қилмаслиги лозим. “Мен яшашга келганман!” деб ҳайқирган эди Бальзак қаҳрамонларидан бири.
Хуллас, кодларни ўзимиз ўйлаб топганмиз, ўзимиз ечимини ҳам топа биламиз. Фақат бирозгина кенгроқ бўлайлик!