Яратилган янги иш ўринлари ва иқтисодий самарадорлик кўрсаткичлари таҳлил қилинди
Ҳар қандай стратегиянинг қиймати қоғоздаги вазифалар эмас, балки уларнинг ҳаётдаги ифодаси билан ўлчанади. Жиззах вилоятида “Ўзбекистон–2030” стратегияси ҳамда 2026 йилга мўлжалланган Давлат дастури ижросини ўрганишга бағишланган навбатдаги учрашув ана шу жиҳатдан муҳим аҳамият касб этди. Зеро, бу мулоқотда режалар эмас, уларнинг амалий натижалари, аҳоли ҳаётидаги акс-садоси ва истиқболдаги вазифалар муҳокама марказида бўлди.
Жиззах тиббиёт кластерида бўлиб ўтган муҳим учрашув давлат дастурлари ижросини шунчаки баҳолаш билан чекланмай, ҳудуд тараққиётининг бугунги манзараси ва келажак мақсадларини атрофлича таҳлил қилишга бағишланди. Унда Республика ишчи гуруҳи аъзолари, соҳа мутахассислари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари белгиланган вазифаларнинг ҳаётга қай даражада татбиқ этилаётганини чуқур ўрганиш мақсадида жам бўлишди.
Учрашувни Жиззах вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Зафар Азимов очиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ҳамда ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталди. У ҳар бир қарор ва ташаббус замирида инсон манфаати мужассам эканини алоҳида қайд этди.
[photobank-434493]
Сўнгра “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Жиззах вилоятида “Ўзбекистон–2030” стратегияси ва 2026 йилга мўлжалланган Давлат дастурининг амалга оширилишини ўрганиш масалалари” мавзусида маъруза қилди. Маърузада мамлакат тараққиётининг узоқ муддатли мақсадлари, ҳудудларда уларни амалга ошириш йўлида бажарилаётган ишлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ўзгаришлар чуқур таҳлил этилди.
Хусусан, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, хизматлар сифатини ошириш ва янги имкониятлар яратишга қаратилган вазифалар ижросига алоҳида урғу берилди. Учрашув очиқ ва эркин мулоқот руҳида ўтгани билан аҳамиятли бўлди.
Мулоқотда давлат дастури ижроси, аҳоли бандлиги, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлашдаги муаммолар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди. Билдирилган ҳар бир фикр жойлардаги ҳақиқий ҳолатни аниқроқ баҳолашга хизмат қилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Соатовнинг сўзларига кўра, бугун мамлакатимизда кечаётган барча ўзгаришларнинг бош мақсади инсон ҳаёти сифатини яхшилашдан иборат.
— "Ўзбекистон–2030" стратегияси ёшлар учун кенг имкониятлар яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган, – деди у. – Бу каби ўрганишлар ҳудудлардаги мавжуд ҳолатга холис баҳо бериш, муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш имконини беради. Энг муҳими, бу жараёнда жамоатчилик иштирокининг кенгайиши белгиланган мақсадларга эришишда ҳал қилувчи омилдир.
Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ аъзолари назарий муҳокамалар билан чекланмади. Улар давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг амалдаги ижросини ўрганиш мақсадида қатор объектларда бўлишди. Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида яратилган шароитлар, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳамда соҳадаги ўзгаришлар жойида ўрганилди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ ишлаб чиқариш ва туризм соҳаларида фаолият юритаётган объектларда бўлиб, у ерда амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳалар, яратилган янги иш ўринлари ва иқтисодий самарадорлик кўрсаткичлари таҳлил қилинди. Бу эса қабул қилинаётган қарорлар ва дастурлар замиридаги мақсадларнинг амалда қандай натижалар бераётганини аниқ кўрсатди.
Бугун “Ўзбекистон–2030” стратегияси мамлакат тараққиётининг узоқни кўзлаган йўл харитаси бўлиб хизмат қилмоқда. Унда белгиланган вазифаларнинг тўлақонли ижроси нафақат давлат идоралари, балки жамоат ташкилотлари, маҳаллалар ва фуқароларнинг ҳамжиҳат ҳаракатига бевосита боғлиқдир.
Жиззахдаги ушбу учрашув ана шу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: тараққиётга олиб борадиган энг қисқа йўл – белгиланган вазифалар ижросини изчил таъминлаш, одамларни ўйлантираётган муаммоларни ўз вақтида эшитиш ва уларга амалий ечим топишдан иборатдир. Зеро, ҳар бир ҳудуддаги ижобий ўзгариш, аввало, инсон ҳаётида акс этгандагина ҳақиқий самара беради.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА