Яқин Шарқни ўзгартирган уруш бошланганига бир йил тўлди
2025 йил 13 июнь кечаси Исроил Эроннинг асосий ядровий ва ҳарбий инфратузилма объектларига зарба бериб, кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади. Бу икки мамлакат ўртасидаги можаро тарихида Исроилнинг Эрон тупроғига қилган энг йирик тўғридан-тўғри ҳужуми сифатида тарихда қолади.
Исроил манбаларига кўра, амалиётда тахминан 200 жанговар самолёт иштирок этган ва Эрон бўйлаб 100 дан ортиқ нишон кўзланган. Ҳужум ядро дастури, баллистик ракета ишлаб чиқариш, ҳаво мудофааси тизими ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИКҚ) қўмондонлик марказлари билан боғлиқ объектларга қаратилган.

Асосий манзиллар орасида Натанз ядро маркази, Исфаҳондаги уранни қайта ишлаш заводи ва Теҳрон ядро инфратузилмасининг бошқа иншоотлари бор эди. Шунингдек, ер остидаги энг хавфсиз уран бойитиладиган жой, Фордо минтақасига ҳам ҳужум уюштирилган. Исроил Эрон ядро дастури билан боғлиқ юқори мартабали ҳарбий қўмондонлар ва мутахассисларни ҳам таъқиб қилди. Теҳрон ва бошқа шаҳарларда кўплаб портлашлар кузатилди. Ўз навбатида Эрон расмийлари қасос чоралари бошланганини эълон қилди.
Маълумки, Исроил бу амалиётни Ислом Республикаси ядро қуролига эга бўлишининг олдини олиш зарурати билан боғлади. Таъкидлаш жоиз, ҳаво зарбалари Халқаро атом энергияси агентлиги (МАGАТЭ) Теҳронни ядро қуролини тарқатмаслик мажбуриятини бузганликда айблаганидан бир кун ўтиб содир бўлди.

Исроил ҳужуми бошланганда Вашингтон дастлабки ҳужумларга алоқадорлигини инкор этиб келди, халқаро жамоатчилик эса АҚШ кейинги воқеаларда муҳим роль ўйнаганига гувоҳ бўлди. Аввалига Америка кучлари Исроилга қарши йўналтирилган Эрон ракета ва дронларини қайтариш, разведка ёрдами кўрсатиш ва минтақадаги иттифоқчилар ҳаракатини мувофиқлаштиришда иштирок этди. Кейинчали урушга тўғридан-тўғри аралашди ва Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги Эрон ядровий иншоотларига зарба йўллади.
Президент Дональд Трамп амалиётдан кўзланган мақсад Теҳронни ядровий қурол ишлаб чиқариш имкониятидан маҳрум қилиш эканини айтиб келади. Шунга қарамай, айнан Вашингтон аралашуви урушнинг кейинги йўналишини белгилаб берди ва 12 кунлик жангдан сўнг томонларни сулҳга олиб келган омиллардан бири бўлди.

Исроил ва Эрон ўртасидаги зарба алмашинуви шубҳасиз икки мамлакат ўртасидаги энг жиддий бевосита ҳарбий тўқнашув сифатида баҳоланди. Бундан аввал икки давлат ўртасида бу қадар кенг кўламли, очиқдан очиқ тўқнашув бўлмаган эди. Шу боис, мазкур тўқнашув ўнлаб йиллар давом этган ўзаро “соядаги уруши”нинг очиқ босқичга кирган пайти сифатида тарихга кирди. Қолаверса, ҳар икки томон бераётган ҳаво зарбалари Исроилнинг ҳам Эроннинг ҳам энг муҳим ядровий, ракета ва ҳарбий инфратузилмасини қамраб олди. АҚШнинг Форс кўрфази мамлакатларидан жойлашган ҳарбий базаларига ҳам Эрон ракеталари етиб борди.
Хуллас, можаро Яқин Шарқ қиёфасини кескин ўзгартириб, бутун минтақа ва глобал энергия бозорига таъсир кўрсатди. Айни пайт дунё бозорида нефть ва газ танқислиги юз бермоқда. “Қора олтин” дея таърифланадиган нефть энди импортчи мамлакатлар учун асл қийматини кўрсатмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА