Япониянинг давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги илғор тажрибаси ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги илғор тажрибани ўрганиш мақсадида Японияга хизмат сафари билан ташриф буюрди.
ИИВ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти раҳбарияти ва ходимларидан иборат делегация ташриф давомида шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва бериш бўйича давлат хизматларини ташкил этиш тизими билан танишди.
Делегацияга ИИВ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник У.Мирзақамбаров раҳбарлик қилди.
Ташриф дастури доирасида делегация аъзолари My Number Card идентификация карталарини бериш маркази ҳамда Синдзюку паспорт марказига ташриф буюриб, мазкур муассасаларнинг ташкилий тузилмаси, фаолият юритиш механизмлари, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини бошқаришнинг замонавий тизимлари билан танишди.

Япония томони делегацияни шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва бериш бўйича давлат хизматларини ташкил этиш, давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш, жумладан, ҳужжатларни масофадан туриб расмийлаштириш ҳамда махсус мобил иловалардан фойдаланиш тартиблари, “My Number Card” идентификация карталарини тайёрлаш жараёнлари ва ҳимоя элементлари йўналишларидаги амалий тажриба билан батафсил таништирди.
Мазкур хизмат сафари Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим босқич бўлди.
Ташриф давомида орттирилган тажриба ва ўрганилган замонавий амалиётлар давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, самарали бошқарув ечимларини жорий этиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА