Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро инвестициявий ҳамкорликнинг янги босқичи бошланмоқда. Туманнинг “Мевазор” маҳалласида жойлашган “Отабек Одилжон Бизнес” МЧЖга тегишли ер майдонлари япониялик инвесторлар — “Aglees Co., Ltd.” компанияси вакиллари томонидан ўрганиб чиқилди.
Ташриф давомида компания директори Рёсуке Ҳара мазкур ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароити киви етиштириш учун жуда қулай эканини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, бу ерда йирик агросаноат мажмуаси ташкил этиш орқали экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг дастлабки босқичи сифатида келишувга эришдилар.

Маълумотларга кўра, япониялик тадбиркорлар лойиҳа доирасида 10 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Ушбу инвестициявий лойиҳа киви плантациясини барпо этиш, ҳосилни қайта ишлаш ва қадоқлаш, хорижий бозорларга экспорт қилиш каби йўналишларни қамраб олади.
Лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасини рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш ҳам назарда тутилган. Бу эса ҳудуддаги агросаноат салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаб, икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли стратегик шерикликка мустаҳкам пойдевор яратади.
Бундай ташаббуслар қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири