Япония сиёсати бугунги куннинг қисқа муддатли муносабатларига эмас, эртанинг истиқболига қаратилган
Ўзбекистон-Япония муносабатларига назар ташласак, ўзаро олий даражадаги ташрифлар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида ҳисса қўшган.
Ўзбекистон-Япония муносабатларига назар ташласак, ўзаро олий даражадаги ташрифлар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида ҳисса қўшган.
2015 йил 24 октябрда Япония бош вазири Синдзо Абэнинг Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишга, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашишга имкон берди.
Ўзбекистон Японияга улкан сиёсий, иқтисодий, интеллектуал ва инвестицион салоҳиятга эга, тараққий этган давлатлардан бири, вақт синовидан ўтган ишончли шерик сифатида қарайди.
Ана шундай ижобий ўсувчанлик мамлакатларимизнинг парламентлараро алоқаларига ҳам хосдир. Кунчиқар юрт қонунчилик органида “Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси” тузилган.
Ўз навбатида республикамизда “Олий Мажлис — Япония парламенти” парламентлараро гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги маслаҳатлашувлар ҳам мунтазам тус олган. Мазкур маслаҳатлашувларнинг сўнгги — ўн олтинчи учрашуви 2016 йил 24 март куни Токиода бўлиб ўтди.
Халқаро ташкилотлар доирасида ҳам самарали ўзаро ҳамкорликни кузатиш мумкин. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик бўлган долзарб масалалар юзасидан ўхшаш нуқтаи назарларга таянган ҳолда икки давлат бир-бирининг халқаро ташаббусларини ҳамда кўп томонлама тизимларнинг вакиллик органларига бир-бирининг номзодларини қўллаб-қувватламоқда.
“МАРКАЗИЙ ОСИЁ + ЯПОНИЯ” ШАКЛИДАГИ АЛОҚАЛАР ФАОЛЛИК БИЛАН РИВОЖЛАНИБ БОРАЯПТИ


Ўзбек ва япон халқларининг ўхшаш жиҳатлари кўп. Миллий ғурур, бирдамлик, меҳнатсеварлик, садоқат, меҳр-оқибат каби фазилатлар икки халқ учун бирдек хосдир.
Икки мамлакат иқтисодиёти жадал ривожланиб бормоқда. Бу ўзаро ҳамкорликни барча соҳаларда кенгайтириш учун шароит яратади. Ўзбекистон ва Япониянинг улкан иқтисодий имкониятлари — табиий бойликлари ва юқори технологиялари, илмий салоҳияти, молиявий ва меҳнат ресурслари бир-бирини тўлдиради.
Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар 2002 йил июль ойида имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида изчил ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон билан Япония халқаро ташкилотлар доирасида ҳам самарали ҳамкор. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқиндир.
Ўзбекистон Япониянинг минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш, ядро қуролини тарқатмаслик, экологик муаммоларни бартараф этишга доир ташаббусларини қўллаб-қувватлайди, БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолигига Япония номзодини ёқлайди.
Япония Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган, Ўзбекистоннинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини юқори баҳолаб келади. Томонлар “Марказий Осиё + Япония” мулоқот механизми доирасида ҳам кўп томонлама алоқаларни ривожлантирмоқда.
Ўзбекистон билан Япония Афғонистон иқтисодиётини тиклашда фаол иштирок этмоқда. Афғонистонда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслиги, БМТ шафелигида қарама-қарши томонлар ўртасида сиёсий музокаралар ўтказиш ва ички келишувга эришиш энг тўғри ва ягона йўл эканини ҳар икки томон якдиллик билан таъкидлайди.
Икки мамлакат ўртасида савдо-сотиқ соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида ҳукуматлараро мажлислар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Япония ва Япония-Ўзбекистон қўмиталари эришилган келишувларни амалга ошириш, янги имкониятларни излаш ва қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда.
Ўзбекистон-Япония савдо айланмаси тобора кенгайиб бораётган бўлса-да, кўрсаткичлар давлатларимиз салоҳиятига мос эмас. Ўзбекистонда кунчиқар мамлакатнинг 13 та компанияси ваколатхонаси очилган, япониялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 10 та корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.
Улар орасида “Isuzu”, “Itochu”, “Toyota Tsusho”, “Marubeni”, “Mitsubishi”, JOGMEC (Japan Oil, Gas and Metals National Corporation) сингари компаниялар бор.
Япониянинг республикамизга кўрсатган молиявий-техникавий кўмаги билан соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт, телекоммуникация соҳалари ҳамда бошқа йўналишларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бир қатор инфратузилмавий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.
Ҳозирги пайтда “Қарши-Термиз темир йўлини электрлаштириш”, “Навоий иссиқлик электр станциясини кенгайтириш. II босқич”, “Толимаржон иссиқлик электр станциясини модернизациялаш”, “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши”, “Электроэнергетика жабҳаси салоҳиятини ошириш” ва “Аму-Бухоро машина канали тизимини қайта тиклаш” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
ҲАМКОРЛИКНИНГ БОШҚА ЙЎНАЛИШЛАРИ


Ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари билан бирга, икки давлат ўртасида маданий-гуманитар алоқалар ҳам изчил кенгайиб бормоқда. 2 минг нафардан зиёд ўзбекистонлик мутахассислар JICA ташкилотчилигида бизнес, банк-молия жабҳаси, қишлоқ хўжалиги, транспорт, телекоммуникация, менежмент, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқшунослик ва сайёҳлик йўналишлари бўйича Японияда малака оширди.
Кунчиқар мамлакат ҳукумати гранти доирасида ҳар йили 15 нафар юртдошимиз Япониянинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Бугунги кунда Япония Ўзбекистон иқтисодиётининг энг йирик сармоядорларидан бири ҳисобланади.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳамда Япония ташқи савдо ташкилотининг (JETRO) минтақавий идоралари ишбилармон ва жамоатчилик доиралари ўртасида алоқалар ўрнатилиши ҳамда беғараз ва техникавий ёрдам кўрсатилишига кўмаклашмоқда. Республикамизга тақдим этилган молиявий маблағларнинг умумий ҳажми 4,1 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил қилади.
Токиода буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилгани ҳамда Тошкентда Япон боғининг ташкил қилингани, шунингдек, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида очилган Халқаро маданият карвонсаройига япон олими ва рассоми Икуо Хираяманинг номи берилгани халқларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат ҳамда яқинликни яққол намоён этади.
Таниқли археолог олим Кюдзо Като (2016 йил 12 сентябрь куни Термизда вафот этди) ўзбек халқининг бебаҳо меросини ўрганишга, мамлакатларимиз ўртасидаги самарали муносабатларнинг ривожига улкан ҳисса қўшди.
Япон профессорининг кўпгина тадқиқотлари Буюк Ипак йўлини ўрганиш ва қадимги Бақтрия давлатини тадқиқ этишга бағишланган эди. У Мирзо Улуғбек, Бобур ва бошқа буюк аждодларимизнинг асарларини япон тилига таржима қилди. Шубҳа йўқки, олимнинг илмий-ижодий ишлари ўз долзарблигини йўқотмагани ҳолда келгуси авлодлар томонидан ҳам қизиқиш билан ўрганилади.
Дипломатик муносабатлар йўлга қўйилганига чорак асрдан кўроқ вақт ўтиши билан Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар камолот ҳамда барқарорликнинг янги босқичига кирди.
Томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатларимизни икки халқ фаровонлиги йўлидаги узоқ муддатли ва кўп қиррали ҳамкорликнинг янада ривожланиши кутаётганига асло шубҳа йўқ.
Икки мамлакат ҳамкорликни мустаҳкамлашда маданий-гуманитар алоқалар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Тараққиётга расмий ёрдам дастури доирасида ҳамда Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) орқали ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Японияда Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари ташкил этилмоқда. Кунчиқар юрт ижодкорлари мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро анжуманлар, хусусан, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида фаол қатнашиб келмоқда.
Пойтахтимизда Япон боғи ташкил этилгани, Токиода буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилгани, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги халқаро маданият карвонсаройига япониялик олим ва мусаввир Икуо Хираяма номи берилгани халқларимизнинг маданий яқинлиги ифодасидир.
ФАН-ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК

Фан-таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам фаоллашмоқда. Ўзбекистон – Япония маркази кадрлар малакасини ошириш, “Ўзбекистон-Япония” ҳамда “Япония-Ўзбекистон” дўстлик жамиятлари халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
2015 йилдан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида япон тили биринчи хорижий тил сифатида ўқитила бошланди. Япония оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти кенг ёритилмоқда. Мамлакатимизга келаётган япониялик сайёҳлар йилдан йилга кўпаймоқда.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг қурилишида Иккинчи жаҳон уруши йилларида тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган японияликлар ҳам иштирок этган.
Япон ҳарбийлари мангу қўним топган маскан, улар хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик Кунчиқар юрт вакилларини беҳад қувонтирмоқда. Япония Бош вазири Шинзо Абэ 2015 йилги ташрифи чоғида бу жой обод масканга айлантирилгани, ватандошларининг хотираси абадийлаштирилгани учун мамлакатимиз раҳбариятига миннатдорлик билдирган эди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи ва олий даражадаги мулоқотлар чоғида мамлакатларимиз ўртасида барча соҳаларда алоқаларни янада фаоллаштиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш, ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ юзага чиқариш йўллари муҳокама қилинади. Музокаралар натижаси бўйича Ўзбекистон билан Япония ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинади, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, божхона, туризм, илмий-техник ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланади.
Япониянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Ёшинори Фужияма иш бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. У ўз интервьюларининг бирида Ўзбекистон раҳбарининг бўлажак ташрифи Япония учун жуда муҳим, деб баёнот берди.
Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда муҳим ролга эга. Шу сабабли Ўзбекистон Президентининг Японияга ташрифи икки давлат муносабатларида туб бурилиш ясайди.
Япония Ўзбекистон билан барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга интилишини баён этмоқда. Элчи Фужияманинг айтишича, Япония компанияларининг инвестицияларини жалб этиш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни изчил давом эттирмоқчи. Чунки Ўзбекистон бу соҳаларда улкан салоҳиятга эга.
Кейинги пайтларда Кунчиқар юрт давлати Марказий Осиёга оид янгича сиёсат юритмоқда. Минтақа давлатларига яхлит организм сифатида қарамоқда.
Шу билан бирга, ҳозирги босқичда Япония ва минтақа давлатлари ўртасида қандайдир йирик зиддиятлар ёки принципиал муаммолар мавжуд эмас. Умуман, ўзаро ҳамкорликни фаол оширишга ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди. Кўплаб тадқиқотчиларнинг фикрича, Марказий Осиё давлатлари орасида Япониянинг бошқа давлатлар билан таққослаганда нуфузи бирмунча юқори.
Япония муҳтож давлатларга самимий ёрдам беришга интилаётган дўстона ва тинчликсевар мамлакат деган ижобий образга эга. Япония ҳукумат дастури – ривожланаётган мамлакатларга расмий ёрдам дастури (РРЁ) доирасида минтақамиз давлатларига иқтисодий, техник ва беғараз кўмак кўрсатаётган биринчи даражали донорлардан саналади.
1997 йилда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Накадзима шундай деган эди: “Биз бу ерда зарар билан ишладик ва ишлаяпмиз, аммо бизнинг минтақадан кетиш ниятимиз йўқ. Биз боймиз, бунга кўз юма оламиз, барибир яхши келажакни кутамиз”.
Албатта, Токионинг ўз олдига қўйган мақсадларига етишиши учун Марказий Осиёда хавфсизлик таъминланиши зарур. Табиийки, хавфсизлик таъминланиши остида Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашуви назарда тутилади. 2001 йилдан бери афғон мавзуси Япониянинг Марказий Осиёга оид сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолмоқда.
Аслида Япониянинг имкониятлари юқори, уни бу ерда тинчликпарвар давлат сифатида ҳурмат қилишади. Шунинг учун Токио асосий эътиборни минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга йўналтиради.
Расмий Токио бир неча бор минтақада шунчаки ҳамкорликни дастакламайди, балки унинг ташаббускори бўлишини маълум қилган. Марказий Осиёни ўрганаётган япон олимлари ва экспертлари фикрича, минтақада интеграция жараёнларини тезлаштириш зарур.
”Япония + Марказий Осиё” мулоқоти форумининг йўлга қўйилиши сабаби шунда. Кейинроқ Жанубий Корея, ЕИ ва АҚШ ҳам “МО+1” форумларини ўтказа бошлади.
Япониянинг Марказий Осиёдаги сиёсати бошқа ривожланаётган давлатлар билан муносабатларидаги иш тажрибасига асосланади ҳамда ёрдам, техник кўмак ва кадрларни тарбиялаш каби турли дастурларни амалга оширади, шунда ҳам ёшларнинг мустақил ривожланишга нисбатан қобилиятларини намоён этишига ёрдам беради.
Бир қарашда Япониянинг мазкур минтақадаги сиёсати жўғрофий узоқлиги нуқтаи назаридан истиқболсиз кўринади. Аммо Япония минтақавий ташаббусларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Япониянинг минтақадаги сиёсати бугунги куннинг қисқа муддатли муносабатларига эмас, аксинча, эртанинг узоқ муддатли истиқболига қаратилган.
Дипломатиянинг бутун тарихи мобайнида Япония ҳеч қачон “бир мартали” акциялар билан чекланиб қолмаган, унинг сиёсати доимо узоқ муддатли чораларни ишлаб чиқишга қаратилган.
Бунинг оқибатида япон прагматизми Марказий Осиёга оид ташқи сиёсатнинг асосий тамойиллари бўладиган учта йўналишни белгилади: биринчидан, МОга узоқ муддатли истиқболни ҳисобга олган ҳолда ёндашув, иккинчидан, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва очиқ минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, учинчидан, минтақада ўзаро манфаатли шерикликни қидириш.
Шу аснода 2004 йилда ишлаб чиқилган “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти доирасидаги ташаббус ҳамкорликка ва минтақавий ўзаро ҳаракатларга кўмаклашиш учун мунтазам учрашувлар ўтказишни кўзда тутади.
Мулоқотда ҳамкорликнинг 5 та йўналиши белгиланган: сиёсий мулоқот, ички минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, бизнесни рағбатлантириш, интеллектуал мулоқот, маданий алоқалар ва одамлар алмашинуви.
Бу сиёсатнинг мунтазамлик касб этиши минтақамизда йирик давлатлар рақобати ўртасида мутаносибликнинг таъминланишига, тинчлик ва хавфсизликнинг барқарорлигига хизмат қилади.
Абдували Сойибназаров