Япония Либерал-демократик партияси билан ҳамкорлик кенгаяди
ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитасида Таро Коно бошчилигидаги Япония Либерал-демократик партияси (ЯЛДП) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар Ўзбекистон – Япония муносабатлари кенгайиб, стратегик шериклик формати мустаҳкамланиб бораётганига урғу берди.
Қайд этилганидек, 2025 йилнинг 18-20 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи ва ушбу ташриф давомида ўтказилган олий даражадаги учрашувлар икки давлат ўртасидаги муносабатларни мутлақо янги даражага олиб чиқди. Ўзбекистон ва Япония ўртасида сиёсий, иқтисодий, инвестиция, инновация, таълим ва бошқа қатор йўналишларда ўзаро манфаатли алоқалар тизимли равишда ўсиб бормоқда. Бу икки томонлама ишонч ва яқин дўстликка асосланган муносабатларнинг яққол натижаси экани алоҳида таъкидланди.

Мулоқотда келгусида ушбу йўналишлардаги саъй-ҳаракатларни янги даражаларга олиб чиқиш учун зарур имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига тўхталиб ўтилди. Ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашда икки давлат етакчи партиялари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлиги айтилди. Шу мақсадда ЎзЛиДеП ва ЯЛДП ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу Меморандум доирасида томонлар партия ва парламент фаолияти, кадрлар сиёсати ва таълим соҳаларида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олишди. Шунингдек, ҳар иккала давлатнинг миллий парламентларидаги партия фракциялари аъзолари ва маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик корпуслари вакиллари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
М.Комилова, ЎзА