Япония император хоними 60 ёшда
Кун чиқар мамлакат ахборот агентлиги – “Кyodo news” хабар беришича, Япония императори Нарухитонинг рафиқаси Масако хоним юбилей муносабати билан ўз мамлакати ва халқига кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди.
– Ҳаётимнинг 60 йилидек муҳим воқеани нишонлаш ажойиб туйғу, – дейилган ёзма баёнотда. – Мен ҳар куни Япония халқи томонидан кўрсатилаётган илиқ муносабат учун яна бир бор чин қалбимдан раҳмат айтмоқчиман.
У турмуш ўртоғининг ота-онаси – собиқ император-оила – эр-хотин Акихито ва Мичикога ҳам ташаккур изҳор этди.
Император пандемия тугаб, кундалик ҳаёт аста-секин меъёрига қайтганини мамнуният билан қайд этди, шу билан бирга “кўп одамлар ҳалиям турли қийинчиликка дуч келаётгани”дан қайғу ва хавотир билдирди. Шунингдек, 2011 йилдаги зилзила ва цунамидан жабр кўрган ҳудудлар тез, тўлиқ тикланишига умид билдириб, маҳаллий аҳолининг бу йўналишдаги тинимсиз меҳнатини олқишлади.
Турмушга чиқишдан аввал Масако Япония Ташқи ишлар вазирлигида хизмат қилган. Принстон ва Токио университетларини муваффақиятли тамомлаган қиз император оиласига қўшилиш учун касбий фаолиятидан воз кечишга мажбур бўлган. 2004 йил унинг турмуш ўртоғи сарой муҳитини рафиқасини қўрқитишда очиқ айблади. Масако узоқ вақт касалликдан азият чекди, руҳий тикланиш муолажаларини олди. 15 йилдан зиёд у ҳеч қандай оммавий тадбирларда қатнашмади.
Ўғил фарзанд кўриш малика учун ҳар доим алоҳида юк бўлган, чунки Япония қонунига кўра, тахт фақат эркак авлодга ўтади. Жуфтликнинг фақат 22 ёшли Айко исмли қизи бор, шунинг учун тахтнинг эҳтимолий меросхўри ҳозирги император укасининг ўғли ҳисобланади. Малика Айко ҳам ёшлигида мактабда синфдошларининг зўравонлигига дуч келган, қарийб бир ярим йил давомида дарсга ота-онаси ҳамроҳлигида боришга мажбур бўлган.
Нарухито ва унинг рафиқаси Масако 2019 йил 1 майда император Акихито (1933 йилда туғилган) кексалик туфайли тахтдан воз кечганидан кейин тахтга ўтирган.
М.Пирматова, ЎзА