Япония аэропортида роботлар иш бошлайди
"Japan Airlines Haneda" аэропортига гуманоид роботлар жалб этилмоқда. Авиация соҳасидаги ишчи кучи танқислигига ечим сифатида кўрилаётган бу қадам ер усти хизматини янги босқичга олиб чиқиши кутиляпти.
“Japan Airlines” (JAL) Токио шаҳридаги “Haneda Airport” мажмуасида ер усти хизматига гуманоид роботларни жорий этиш режасини тузди. Лойиҳа май ойида бошланиб, икки йиллик синов даврини қамраб олади. Бу ҳақда BBC хабар берган. Янгиликдан кўзланган асосий мақсад – ходимлар юкини камайтириш. Дастлаб роботлар контейнерни юклаш ва туширишга жалб этилади. Мазкур лойиҳа JAL томонидан ҳамкор “GMO AI” & “Robotics” билан бирга амалга оширилмоқда.
Япон авиациясида айни пайт ишчи кучига эҳтиёж ортмоқда. Бу ҳолат мамлакатга келаётган сайёҳлар сони ошиши, меҳнатга лаёқатли аҳоли камайиб бораётгани билан боғлиқ. Компанияда ҳозир тахминан 4 000 нафар ер усти хизмати ходими фаолият юритади.
Келгусида роботлардан учоқ саҳнини тозалаш ва ер усти техникасини бошқаришда ҳам фойдаланиш режалаштирилган. Маълумотга кўра, жорий йил дастлабки икки ойида Японияга 7 миллиондан кўп хорижий сайёҳ борган. Яъни, соҳада юклама мунтазам ортяпти.
Мутахассислар таъкидлашича, аэропортлар ташқи жиҳатдан замонавий ва автоматлашган бўлса-да, ички жараёнда ҳамон асосан инсон меҳнатига мурожаат қилинади. Шунинг учун роботдан фойдаланиш, айниқса, оғир жисмоний меҳнат талаб қиладиган ишларда енгиллик яратади. Қолаверса, хавфсизликни таъминлашдек муҳим вазифа ҳозирча фақат инсонлар зиммасида.
Ф. Яхшибоева, ЎзА