Янгиободда ватанпарвалик фестивали
Жиззах вилоятининг Тожикистон Республикаси билан чегара ҳудудида жойлашган Янгиобод туманида “Миллий армиямиз Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” шиори остида ватанпарварлик фестивали бўлиб ўтди.
Тадбир ўқувчи-ёшларнинг кузги таътилдаги бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Янгиобод туман ҳокимлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши ташаббуси билан ДХХ чегара қўшинлари, Миллий гвардия, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармалари, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.


“Миллий армиямиз Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” шиори остида ватанпарварлик фестивали ўтказишдан кўзланган мақсад ёшларни жисмонан соғлом, маънан етук, кенг дунёқарашли, мустақил фикр юрита оладиган баркамол инсон сифатида шакллантириш, халқимизнинг тинчлигини ва осойишталигини ишончли ҳимоя қилишга қодир эканлигига қатъий ишончини янада мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишдан иборатдир.


Фестивал доирасида ҳарбий қурол-аслаҳа ва техникалар кўргазмаси, ҳарбийча сафда юриш, кинологларнинг чиқишлари, камондан отиш мусобақаси, табиий ва техноген вазиятларда ҳаракатланиш қоидалари ва кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Тадбир янгиободлик ўқувчи-ёшларда чуқур таассурот қолдирди.


А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари