Янгиланаётган Жиззах – ОАВ нигоҳида
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан “Янгиланаётган Жиззах журналистлар нигоҳида” мавзусида хорижий, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун халқаро медиа-тур ташкил этилди.
Тадбир Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ва ўзбек адабиётининг икки буюк қалб эгаси Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳайкаллари пойига гул қўйиш ва уларнинг хотирасини ёд этиш билан бошланди. Зардўзлик, каштачилик, ҳунармандчилик намуналаридан ташкил топган кўргазма ва Жиззах миллий либослари, Фориш туманидаги “Боғдон гуллари” фольклор этнографик халқ ансамбли аъзоларининг чиқишлари намойиш этилди.
Вилоят ҳокими ўринбосари – инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Нодир Нурматов вилоятга жалб этилган хорижий ва ички инвестициялар, вилоят саноати салоҳияти хусусида маълумот берди. Ижодий уюшмага аъзоликка қабул қилинганларга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак белгилари тақдим этилди. Медиа-тур иштирокчилари Sambhram технология университети фаолияти, таълим жараёни, талабалар учун яратилган шароитлар, Жиззах шаҳридаги “Олмазор Сити” массивида жойлашган “NEW LAND” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Farali textele” тикувчилик корхонаси фаолияти билан танишди.
Корхона болалар, аёллар ва эркаклар кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга, бир қисми ички бозорга мўлжалланган. Бу ерда мингдан ортиқ “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатидан жой олган хотин-қизлар меҳнат қилаётир.
– Икки йил муқаддам Жиззахда бўлган эдим, – дейди ТАСС (Россия) мухбири Валерий Бирюков. – Қисқа вақт ичида катта ўзгаришлар бўлибди. Илгари Жиззахда 4-5 та 9 қаватли уй бўларди. Бугун эса “Олмазор Сити” нинг ўзида жаҳон андозаларига мос барпо этилган, энг муҳими барча қулайликларга эга ўндан ортиқ 16 қаватли уйлар қад ростлаган.
Сўнгра тадбир иштирокчилари “IT PARK” Жиззах филиалига борди.
– “IT PARK” фаолияти чуқур таассурот қолдирди, – дейди “Фергана.ру” (Россия) мухбири Андрей Кудряшов. – Бу ерда тайёрланаётган соҳа мутахассислари билан суҳбатлашиб, икки карра лол қолдим. Янгиланаётган Жиззах ёшларининг ҳаракати, изланиши таҳсинга лойиқ.
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Саноат, қурилиш, ишлаб чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқаролар учун яратилаётган қулайликлар, ижтимоий ва яна бошқа кўплаб масалаларда маълумот берилди. Марказий Осиёда ягона бўлган барча халқаро талабларга, жаҳон стандартига тўла жавоб бера оладиган велодром тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
– Бу ерга тез-тез келиб тураман, – дейди “Ишонч”-“Доверия” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Ҳусан Эрматов. – Жиззахда бўлаётган ўзгаришлар доимий диққатимда туради. Ташқаридан, аниқроғи пойтахтдан туриб қараганда, Жиззах гўё сокин оқаётган дарёга ўхшайди. Уни келиб, худди бугунгидек ичига кириб, яқиндан танишгандан сўнг фикрингиз бутунлай ўзгаради. Биргина мана шу объект жаҳонда 20 та. Ана шу 20 та давлатнинг 1 таси Янги Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида. Бу қувонарли, албатта.
[gallery-7356]
“Янгиланаётган Жиззах журналистлар нигоҳида” халқаро медиа-турнинг биринчи кунини “ADM Jizzakh” автомобиль заводининг йиғув жараёни билан танишиш тадбири якунлади. Ушбу заводда “KIA” русумидаги автомобилларнинг 5 тури йиғилиб, ҳозирча ички бозорга чиқарилмоқда. Корхонада 250 нафардан зиёд киши меҳнат қилади. Уларнинг ишлаши, дам олиши, овқатланиши ва умуман унумли меҳнат қилиши учун барча қулайликлар яратилган. Келгуси йилдан янги цех фаолиятини бошлаш режалаштирилган. Яқин келажакда эса маҳаллийлаштириш жараёни амалга оширилиб “KIA” ва “RENO” автомобилларининг барча зарур қисмларини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Корхона тўлиқ ишга туширилгач 2 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланади.
– Заводда йиғилаётган автомобилларни кўриб ўргандим, юргизиб кўрдим, – дейди Буюк Британиянинг “Рейтер” агентлиги мухбири Муҳаммадшариф Маматқулов. – Бу ерда 1 соат давомида 5 та автомобиль йиғилар экан. Ушбу заводда ишчи-хизматчиларнинг 90 фоизи маҳаллий ёшлар экан. Улар ўзига жуда ишонмоқда. Ишонч бўлса, олдига қўйилган барча марраларга эришиш мумкин.
Медиа-тур давомида хорижий, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари Шароф Рашидов ҳамда Зомин туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар билан ҳам танишишади.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА