Янгиҳаётда янги мактаб фойдаланишга топширилди
Янги маҳалла, янги уйлар, янги мактаб — Янгиҳаётда янги ўқув йили ана шундай янгилик билан бошланмоқда. Гулистон шаҳрининг Янгиҳаёт маҳалласи ҳудудида 990 ўринга мўлжалланган замонавий умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилди.
Мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ташкил этилган тантанали очилиш маросимида Гулистон шаҳри ҳокими ўринбосари Дилмурод Тошбоев, шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбарияти ва ходимлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Янги таълим маскани қурилиши 2024 йилда бошланган бўлиб, бунёдкорлик ишлари жорий йил август ойида якунланди. Қурилиш ишларига 13 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

990 ўринга мўлжалланган мактабга жорий ўқув йилида 502 нафар ўқувчи қабул қилинган. Уларга 35 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда.
Ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун даргоҳда зарур шароитлар яратилган. Синф хоналари интерактив доскалар, компьютерлар ва мультимедиа воситалари билан жиҳозланган. Лабораториялар эса ўқувчиларнинг назарий билимларини амалиёт билан боғлаши учун зарур ускуналар билан таъминланган.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, ёш авлодга сифатли билим ва тарбия бериш, ўқувчилар учун муносиб шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталдилар. Янги таълим муассасаларининг барпо этилиши фарзандлар камоли, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шундан сўнг меҳмонлар мактабнинг синф хоналари, лабораториялари ҳамда ўқувчилар учун яратилган имкониятлар билан танишдилар. Ёруғ ва кенг хоналар, замонавий таълим воситалари билан жиҳозланган синфлар болаларнинг билим олиши учун қулай муҳит яратилганини кўрсатди.

— Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида маҳалламизда шундай замонавий таълим маскани фойдаланишга топширилгани барчамиз учун катта қувонч. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, ёш авлодга сифатли таълим ва тарбия бериш учун яратилаётган имкониятларнинг бугунги натижасини мактабимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Янги даргоҳда ўқувчиларнинг замонавий билим олиши учун барча шароит муҳайё этилган. Бундай ғамхўрлик ва эътибор биз, педагогларни янада масъулият билан ишлашга, болаларга сифатли таълим-тарбия беришга ундайди. Яратилган шароитлар учун юртимиз раҳбарияти, барча мутасаддилар ва бунёдкорларга миннатдорчилик билдирамиз, — дейди мактаб директори Элёр Бобоев.

Янги мактабнинг иш бошлаши Янгиҳаёт маҳалласи аҳолиси учун ҳам муҳим воқеа бўлди. Айниқса, Янги Ўзбекистон массивида янги кўп қаватли уйлар барпо этилаётганини инобатга олсак, таълим муассасасининг ишга туширилиши ҳудудда яшаётган оилалар учун катта қулайлик яратади.

Зеро, янги турар жойлар билан бир қаторда мактаб, тиббиёт ва бошқа ижтимоий объектларнинг барпо этилиши ҳудуд инфратузилмасини комплекс ривожлантиришга хизмат қилади.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган ушбу мактаб энди юзлаб ўқувчилар учун билим ва тарбия масканига айланади. Энг муҳими, бу ерда болалар ўз қобилияти ва истеъдодини намоён этиб, орзу-мақсадлари сари дадил қадам ташлашлари учун кенг имкониятлар яратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири