Янгиерда «Конституция кўчаси» очилди
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни олдидан Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги «Янги Конституция хиёбони»да аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва Асосий қонун қадриятларини кенг тарғиб қилиш мақсадида «Конституция кўчаси» очилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбир Адлия бошқармаси, Янгиер шаҳар ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
Лойиҳа доирасида хиёбон ҳудудида 500 метрлик пиёдалар йўлаги барпо этилди, янги таҳрирдаги Конституция моддалари акс этган тасвирий ойналар ўрнатилди. Мажмуа атрофига мингдан ортиқ манзарали кўчатлар экилди. Шунингдек, фуқароларга давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имконини берувчи инфокиоск жойлаштирилди.

Тадбир давомида Конституциянинг яратилиш ва такомиллашув босқичларига бағишланган «Конституция тарихи» бурчаги, ҳуқуқий адабиётлар ва ахборот материаллари кўргазмаси намойиш этилди. Адлия ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятига доир ахборот бурчаклари ҳам аҳоли, айниқса ёшлар учун тақдим этилди.
Ёшлар ўртасида ҳуқуқий викториналар ва савол-жавоблар ўтказилиб, уларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини оширишга қаратилган тадбирлар амалга оширилди.
– Бундай хиёбонларнинг очилиши фақат шаҳар ободонлигига хизмат қилмайди. У ёшларимизнинг ҳуқуқий онги ва масъулиятини юксалтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга, – дейди Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъули Дилноза Умрзоқова. – Ҳар бир қадамда Конституция қадриятларини эслаб юриш, юртимизга содиқ фуқароларни тарбиялаш биз учун фахрли иш.

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бошлиғи Мурод Ҳайитов ҳам тадбирнинг аҳамиятини қайд этди:
– Бундай лойиҳалар ёш авлод ҳуқуқий онги ва фуқаролик масъулиятини шакллантиришда муҳим омилдир. Янгиерлик ёшлар бу ерда Конституциянинг асосий тамойиллари билан яқиндан танишиб, қонунларга ҳурмат ва фуқаролик маданиятини юксалтириш имконига эга бўлди.
Ташкилотчилар таъкидлаганидек, Янгиер шаҳрида ташкил этилган «Конституция кўчаси» янги маърифий майдон сифатида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, ёшларни Конституция ва қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА