Янгиерда аҳоли учун янги имкониятлар яратилмоқда
Янгиер шаҳридаги янги, Мустақилликнинг 35 йиллиги маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари аҳоли ҳаётида ўз самарасини кўрсатмоқда. Ҳудудда янги истироҳат боғи, касб-ҳунар ва IT маркази, кўп тармоқли поликлиника барпо этилмоқда. Қурилаётган трикотаж фабрикаси ишга тушгач, 120 нафар хотин-қизнинг доимий иш билан таъминланиши режалаштирилган.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов мазкур маҳаллада бўлиб, лойиҳалар билан танишди ва аҳоли вакиллари билан мулоқот қилди. Учрашувда фуқароларнинг муаммо ва таклифлари тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ҳудудни ободонлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш, бандликни таъминлаш ва ижтимоий объектлардаги шароитларни яхшилаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Маҳаллада барпо этилаётган истироҳат боғи оилалар ва болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун хизмат қилади. Яшил ҳудудлар билан уйғунлаштирилаётган масканда сайр қилиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун қулай шароит яратилади.

Ташриф давомида реконструкция қилинаётган 12-умумтаълим мактаби ва 7-мактабгача таълим ташкилотидаги ишлар ҳам кўздан кечирилди. 12-мактаб ҳудудида барпо этилаётган касб-ҳунарга ўргатиш ва IT марказларида ёшларга замонавий билим ҳамда амалий кўникмалар бериш кўзда тутилган. Бу ерда рақамли технологиялар ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича таълим олишга кенг йўл очилади.

Вилоят раҳбари ёшларни «Икки тил ва бир касб» тамойили асосида ўқитиш муҳимлигини таъкидлаб, таълимни амалий кўникмалар ва меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштириш зарурлигини қайд этди.

— Вилоят ҳокимининг ободонлаштириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёшларни касб-ҳунар ва замонавий билимларга ўргатиш бўйича билдирган фикр ва таклифлари биз учун муҳим вазифа бўлди. Бу борада айрим камчиликлар бор. Уларни бартараф этиш бўйича аниқ йўл хариталари ишлаб чиқилиб, ишлар изчил давом эттирилмоқда. Асосий мақсадимиз — яратилган шароит ва ўзгаришларни аҳоли ҳаётида яққол намоён этиш, — деди Янгиер шаҳар ҳокими Отабек Носиров.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири