Янги Зеландия осмонида иккита йирик метеор кузатилди
Сўнгги кунларда Янги Зеландия осмонида иккита йирик метеорга ўхшаш осмон жисми ёрқин чақнаб, кучли гумбурлаш овози билан ҳаракатланган.
Ушбу ноёб ҳодисани кузатган аҳоли ҳайратда қолган, айрим ҳудудларда ҳайвонлар ҳам безовта бўлган. Сешанба куни соат 22:20 дан бироз ўтиб, Шимолий орол ҳудуди устида улкан олов шарига ўхшаш метеор кўринган. Бундан олдин, якшанба куни кечқурун Жанубий орол осмонида ҳам шунга ўхшаш ҳодиса кузатилган. Автомобиль видео регистраторлари, хавфсизлик камералари ва махсус метеор кузатув қурилмалари орқали олинган тасвирларда осмонни ёритган кучли чақнаш акс этган.
Гувоҳлар ижтимоий тармоқда метеор учиши ортидан кучли гумбурлаш овози эшитилганини ёзган. Айримлар осмондаги жисм тўқ сариқ рангда ёниб, ортидан бинафша тусли из қолдиргани, кейин қора тутунга ўхшаш из чиққанини айтган. Баъзи жойларда кучли товуш қуш ва чорва молларини ҳам безовта қилган.
Метеорлар ва метеоритларни кузатиш билан шуғулланувчи “Fireballs Aotearoa” ташкилоти раҳбари Стив Уин-Харрис ҳам ушбу ҳодисага гувоҳ бўлган. Унинг айтишича, энг қизиқарли жиҳат одамлар метеор ҳаракатидан ҳосил бўлган кучли товуш тўлқинини эшитганидир. Бу жисм атмосферада нисбатан паст ҳаракатланган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Мутахассислар метеорнинг айрим бўлаклари ерга тушган бўлиши эҳтимолини истисно қилмаяпти. Шу боис “Fireballs Aotearoa” аҳолини ноодатий қора тошларга эътибор қаратиш, шундай топилма аниқланса, дарҳол хабар беришга чақирди.
Маълумотга кўра, сўнгги 150 йил давомида Янги Зеландияда атиги 10 марта метеорит кузатилган. Мамлакатда аҳоли зич эмаслиги, тоғ ва ўрмон кўплиги сабаб жуда кўп метеорит ҳануз топилмаган.
Ф. Яхшибоева, ЎзА