“Янги Ўзбекистонни бирга қурамиз“
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳам сайловолди жараёнларида янгича ғоя, янгича қарашлар билан фаол иштирок этмоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳам сайловолди жараёнларида янгича ғоя, янгича қарашлар билан фаол иштирок этмоқда.
Партия Тошкент вилояти кенгаши томонидан Оҳангарон шаҳрида “Янги Ўзбекистонни бирга қурамиз“ шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди.
Партия ғоя ва мақсадларини аҳоли онгига сингдириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли қизиқарли акциялар, таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурлари намойиши шаклида ўтказилган ўзига хос тарғибот тадбирида партия фаоллари, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Жорий йил декабрь ойида Олий Мажлис Парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар бутунлай янгича муҳит, янгича ҳуқуқий шароитда ўтиши, ушбу сиёсий жараёнга партия томонидан ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилаётгани таъкидланди.
Партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.
Таъкидлаш жоизки, янги Сайлов кодекси сайловнинг қонунийлик, шаффофлик, очиқлик шароитида ўтишига хизмат қилади. Шу боис ушбу сиёсий жараён олдидан партиянинг сайловолди дастури, сиёсий платформаси ишлаб чиқилиб, янги ғоялар ўртага ташланмоқда. Бу галги сайловда партия “Давлат ҳам, ислоҳотлар ҳам аввало инсонга хизмат қилиш керак”, деган ғоя билан ўртага чиқмоқда. Дастурни эса кабинетда ўтириб эмас, партия фаоллари, оддий одамлар билан бамаслаҳат ёзишга эътибор қаратилгани муҳим аҳамиятга эга.
Партия қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк ҳуқуқи ва кафолатларининг ишончли ҳимояланишини таъминлаш, тадбиркорлик ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш, “Бизнесни юритиш”, глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 та мамлакати қаторидан Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, етакчи халқаро ва хорижий молия институтлари билан алоқаларни кенгайтиришнинг истиқболларига қаратилган аниқ вазифаларни қамраб олган.
Партия миллий қонунчилигимиз ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, маҳаллий тадбиркорлар ва инвесторлар учун тушунарли бўлган ягона Инвестиция ва Тадбиркорлик кодексларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғоясини илгари сурмоқда.
Партия сиёсий платформасида ўз аксини топаётган масалалардан бири – 2020- 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиётини ривожлантириш Стратегиясини ишлаб чиқишдир. Айни соҳадаги муҳим йўналиш Ўзбекистонни жозибали жаҳон туризми марказига айлантириш, мамлакатни дунёнинг сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган 10 та давлатлари қаторига киритишдан иборат.
“Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остидаги тарғибот тадбири ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли тарзда очиқ майдонда ўтказилмоқда. Зеро, партия сайловолди тарғибот тадбирларини зерикарли, бир томонлама маъруза шаклида ташкил этиш амалиётидан воз кечиб, эркин мулоқот тарзида ўтказаётир.
Тарғибот тадбирида санъаткорларнинг концерт дастури иштирокчиларга кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.