Янги Ўзбекистонга янги нигоҳлар керак
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи барча Ўзбекистон халқини, шу жумладан, мени ҳам ғурур ва ифтихорга тўлдирди.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи барча Ўзбекистон халқини, шу жумладан, мени ҳам ғурур ва ифтихорга тўлдирди. Дунё ҳамжамиятига ўзининг Ўзбек тилидаги нутқи билан мурожаат этган юртбошимизнинг сўзларини тинглар эканман, бугун юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалардаги туб ўзгаришларнинг асосий сабабчиси – фидойи юртбошимиз эканлигини яна бир бор англайсан, киши.
Маълумки, юртимизнинг энг олис ҳудудларигача бўлган янгиланишлар, ёшларимизнинг онгу тафаккурида, қалбида кечаётган ўзгаришлар, эзгулик ва бунёдкорликка йўғрилганлиги тилларни шукроналикка ундайди.
Бугунги кунда дунёда кечаётган жараёнларга назар ташлаб, каттаю кичик мамлакатларни тобора кенгроқ қамраб олаётган бедаво дард сабаб ер юзида инсониятнинг нечоғлик чорасиз аҳволга қолиб кетиши мумкинлиги намоён бўлди. Қачонки, якдиллик ва ҳамжиҳатлик ила бунга қарши курашилмас экан, унга таслим бўлиш ҳеч гап эмаслиги ўз исботини кўрсатди.
Мамлакатлар, халқларнинг бир-бирига кўрсатган инсонпарварлик ёрдамлари сабаб бу номсиз урушга инсоният қарши чиқа олди ва унга матонати, сабри, бардоши билан жавоб қайтармоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, оқилона сиёсат олиб бораётган юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари билан янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Буни биргина жамиятда аёллар фаоллигида кўришимиз мумкин. Айни пайтда юртимизда минглаб аёлларимиз давлат ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бормоқда, ўзининг якка тадбиркорлигини йўлга қўйганлиги, раҳбарлик лавозимларида ишлаётганлиги нур устига аъло нурдир.
Ҳали ёш бўлишига қарамай сиёсий жараёнларда ўзининг эркин фикри, қатъиятли овози билан минбарларда дадил сўзлаётган хотин-қизларимизнинг нечоғлик ақл-заковат соҳибалари эканлигидан далолатдир. Бугун янги Ўзбекистон – янгича руҳиятдаги раҳбар аёлларининг кўпаяётганлигидадир. Бу эса мамлакатимизда гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланганлиги, давлат бошқарувида уларнинг муносиб ўрни борлигининг исботидир.
Юртбошимиз томонидан халқимизнинг ҳар бир дардига қулоқ тутётганлигини, муаммоларга ечим топиб бераётганлигининг бир қанча намуналарини кўришимиз мумкин. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан юртимиздаги 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролигининг берилиши ҳам юксак эътирофдандир. Барчамизнинг мустақил Ўзбекистон фуқароси эканимиздан, бу диёрнинг бойликлари, табиати ва одамларидан қувониб, ғурурланиб яшашимиз миллий ифтихор инсоннинг қиёфасини, унинг қандай нарсалардан куч ва илҳом олиши, у мансуб бўлган халқ ёки давлатнинг қадриятлари, маънавий савиясини кўрсатиб туради.
Шунингдек, бугун мамлакатимиз ҳар томонлама жадал суръатлар билан ривож топиб, куч-қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган давлатга айлангани республикамизда амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар самарасидир. Айниқса, ёшлар масаласи бугун давлат сиёсати даражасига айланганлиги ёш-авлод таълим-тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб келганидан далолатдир. Бунинг ёрқин ифодаси сифатида Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятининг изчил йўлга қўйилганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Мамлакатимизда ёшларнинг манфаатларини янада тўлиқ таъминлашга йўналтирилган, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишини кафолатлашга хизмат қиладиган қонун ва қарорларнинг қабул қилиниши уларнинг келажак пойдеворлари эканлигидан далолатдир. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз учун ўта оғир ва йўқотишларга сабаб бўлган касалликка қарши курашаётганлигимиз билан бир қаторда юртбошимиз ёш авлодга ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш руҳиятида ёндашиб, уларга мустақиллигимизни мустаҳкамловчи, истиқбол тараққиётини таъминловчи маънавий ва ижтимоий куч сифатида эътибор қаратмоқда.
Айни пайтда она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон турмушнинг қадрига етиш, шу осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиб, эл-юрт тақдири, келажаги учун дахлдорлик туйғусини дилига жо қилиб яшаши бугунги кундаги долзарб вазифалардан биридир. Зеро, ёшлар янги Ўзбекистоннинг шаклланишида, демократик жараёнларни ривожлантиришда ҳал қилувчи кучга айланиши лозим. Уларнинг янгича нигоҳда боқишлари янги Ўзбекистонга замин бўлмоғи даркор!
Жамшид ХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси