Янги Ўзбекистон учун янги вазифалар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ҳар йили жонли эфир орқали кузатаман.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ҳар йили жонли эфир орқали кузатаман. Тўғрисини айтсам, наҳотки шунча ишларни давлатимиз қила олса, деган ўйга бораман.
Лекин, ўзимиз ҳаётимизда кўриб гувоҳи бўлябмиз, ҳар йили Мурожаатномада кўтарилган барча масалалар ўз вақтида босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Масалан, 2018 йилги Мурожаатномада Орол денгизининг қуриган тубини “Яшил қоплама“ – ўрмонзор қиламиз, Мўйноқни ривожлантирамиз, деган эди. Мана, ҳозирда иккинчи мавсум ишлари кетябдики, Оролнинг қуриган тубида меҳнат қайнамоқда, Мўйноқ бутунлай янги шаҳарга айланмоқда.
Жорий йилги Мурожаатнома ҳам буюк ташаббуслари билан ёдда қоладиган бўлди. Янги Ўзбекистоннинг келажагига хизмат қиладиган муҳим вазифалар қўйилди.
2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда аҳолининг фаровон ҳаёт кўришининг ягона йўли бу илм-фанни, маърифатни, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришдир.
Ер ости захираси қанчалик кўп бўлмасин, у бир куни адо бўлади, лекин инсоннинг илми, маърифати бу – туганмас хазина.
Биз, яшаётган ҳозирги рақамли дунёда ахборот энг қудратли кучга айланган. Кимнинг қўлида ахборот бўлса, дунё шунинг қўлида. Ахборот – бу бойликдир. Бойлик эса илм ортидан келади. Бунга мисол қилиб, капитали триллион долларлар билан ўлчанадиган Amazon, Google, Apple, Microsoft ва бошқа кўплаб корпорациялар номларини келтириш мумкин. Уларнинг барчаси замирида фақат илм ва маърифатни кўриш мумкин.
Бугун Президентимиз ана шунга кўпроқ эътибор қаратди. Масалан, Нукус шаҳридан ҳам IT PARK ташкил қилиниши мени жуда қувонтирди. Келажакда ана шундай илм масканларидан зукко авлодлар етишиб чиқади. Ўзбекистон бўйича минг эмас, миллион ёш тайёрланади, деди Президентимиз.
Олий ўқув юртларининг хорижий нуфузли университетлари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилиши, 2020 йилдан бошлаб олий ўқув юртларида давлат грантлари икки баравар кўпайтирилиши, қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши олий таълим соҳасидаги туб бурилиш бўлади десак, муболаға бўлмайди.
Президентимиз Мурожаатномасида Кинематография соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам муҳим янгиликларни таъкидлади, жумладан давлат буюртмаси асосида кино маҳсулотларини молиялаштиришни такомиллаштириш, “Кинематографияни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” ҳамда “Кинематографик тўғрисида”ги қонуни ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.
Кино бу – миллатнинг юзи, мамлакатнинг ривожланиш босқичларини акс эттирувчи санъат тури. Юртимизда миллий кино соҳаси тизимини бошқариш, ишлаб чиқариш, маҳсулотларни тарқатиш бўйича аниқ ишлар амалга оширилаётир. Ҳозирда кўплаб давлатлар кинематография соҳасини ривожлантириб, давлатларини ҳам бой қилмоқда.
Сўнгги 3 йил ичида Ўзбекистон Республикасида миллий кинематографияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. бу борада “Ўзбекфильм”, “Қорақалпоқфильм”, “Ҳужжатли фильмлар студияси” биноларини қайта қуриш ва реконструкция қилиш, уларни замонавий кино ускуналар билан таъминлаш, кадрлар масаласи, халқаро ҳамкорлик, ягона прокат марказини ташкил қилиш ва бошқа ютуқларни айтишимиз мумкин.
“Қорақалпоқкино” агентлиги томонидан Республикамизда давлат киносиёсатини олиб бориш, фильм ва экран асарларини кенг жамоатчиликка тарқатиш, халқаро кинофестиваллар кунларини ўтказиш ва бошқа ишлар муваффақиятли бошланиб бугунги кунда катта кўтаринкилик билан давом этмоқда.
Бугунги Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар бизни янада руҳланиб ишлашимизга замин яратди, десак муболаға бўлмайди.
Бектилеу Низаматдинов,
“Қорақалпоқкино” агентлиги директори