Янги ётоқхона талабалар ихтиёрида
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиали талабалари учун капитал таъмирдан чиқарилган талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.
Талабалар турар-жойида талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, мароқли дам олиши учун барча зарур шароитлар яратилган.
Ушбу талабалар турар жойида олти ой давомида мукаммал капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бинонинг томи, эшик-ромлари, йўлаклар, канализация тизими тўлиқ янгиланди. Санитария-гигиена, тиббиёт хоналари ҳамда ошхоналарга замонавий жиҳозлар олиб келиниб ўрнатилди. Барча қаватлар музлатгич, кир ювиш машиналари, электр плиталар, телевизор ва дазмоллар билан жиҳозланди.
[gallery-4559]
Маълумот ўрнида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг Қарши филиали Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 майдаги 437-сонли қарорига асосан ташкил этилган ва ушбу таълим муассасасида айни пайтда 2300 нафардан зиёд талаба таҳсил олади.
Янги талабалар турар жойининг очилиш маросимида мамлакатимиз таълим тизимига қаратилаётган эътибор, таълим сифатининг кучайтирилаётгани, талабаларнинг замонавий таълим олиши учун барча шароитлар яратилаётгани таъкидланди. Шунингдек, шу куни институт қошида замонавий шароитларга эга инкубация маркази ҳам очилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА