Янги йилда янги маҳалла идораси
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Халач” маҳалла фуқаролар йиғини биноси янги йил арафасида янгидан қуриб битказилди. Замонавий лойиҳалар асосида барпо этилган ва зарур шарт-шароитга эга бўлган маҳалла маъмурий идора биноси ҳудудда яшовчи 862 та оила ва 4 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатади. Бино хусусий тадбиркор Насим Абдуллаев томонидан 400 миллион сўм маблағ эвазига қисқа муддатда қуриб битказилди.


Маҳалла маъмурий биносини фойдаланишга топшириш тадбирида вилоят ИИБ бошлиғи И.Турсунов, туман ҳокими А.Остонов, шунингдек, сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси мудири, маҳалла фаоллари ҳозир бўлди. Сўзга чиққанлар маҳалла аҳлини замонавий иншоот, қолаверса, янги йил байрами билан самимий муборакбод этиб, сўнги йилларда ҳукуматимиз томонидан маҳалла тизимига қаратилаётган эътибор натижасида фуқаролар йиғинлари учун қулай шарт-шароит яратилаётганини алоҳида қайд этди.

Маҳалла мажмуаси ва ундаги масъул “еттилик” фаолияти аҳолига узоқ йиллар хизмат қилиб, фуқароларнинг ташвиш-муаммолари, кундалик мурожаатларини ечишда муҳим масканга айланишига ишонч билдирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири