Янги уйларнинг эскириб бораётган муаммолари
Йўл-йўлакай
Одатда янгидан фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйларда яшаётган оилалар ҳузурига бораркансиз, яратилган қулайлик ва имкониятлар, шинам хонадонлардаги ёш оилаларнинг шароити ҳақида мақтаниб гапириб беришади. Афсуски, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри Синабоғ маҳалласида қурилган кўп қаватли уй-жойлар массивига борар эканмиз, бундай фикрларнинг аксини эшитдик.
Ҳудудни айланар эканмиз, атроф-муҳитнинг антисанитария ҳолатида экани ҳам у ерда яшовчиларнинг норозилигини яққол кўрсатиб турарди.
Массивда ҳозирги пайтда 4 та 16 қаватли тураржой мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Аслида йўл-йўлакай кўп қаватли уйлардан бирининг лифти фаолият юритмаётгани ҳақида олган оғзаки мурожаатни ўргангани киргандик. Лекин кўплаб муаммоларнинг устидан чиқдик.
Уй-жойларда айрим оилаларнинг келиб яшаётганига бир йилдан ошиб қолган. Аммо ҳалигача чиқиндихона йўқ. Рўзғордан чиққан чиқинди уюмлари массивнинг бир четида йиғилиб қолган. Яшил макон лойиҳаси доирасида экилган кўчатлар аллақачон сувсизликдан қуриган.
Ҳамма ёқ шамол учирган целлофан пакет ва қоғозларга тўлиб ётибди. Болалар майдончалари ҳали битмаган. Лекин болажонлар борига қаноат қилиб ўйнамоқда. Бу кетишда майдонча битмасдан тугаб кетса ҳам ажабланмайсан киши.
Одамлар билан суҳбатлашарканмиз, ҳудудга бириктирилган бошқарув сервис компаниясининг умуман хизмат кўрсатмаётганидан шикоят қилишади.
– Тозаликка умуман эътибор берилмайди. Ширкат тайинлаган фаррош деярли ишламайди. Лекин пулга келганда ойма-ой талаб қилишади, – дейди Гулнора Қўлдошева.
– 12-қаватда яшаймиз. Экилган дарахтлар қуриб кетган. Ҳаммаёқ чиқинди. Учиб остонамизгача келади. Ширкат ишламайди. Айтсак, тозалаймиз дейди, лекин бажармайди. Аммо пулни тўлаб келяпмиз, – дейди Нигина Эргашева.
– Бир йил бўляпти шу домга кўчиб келганимизга. Ўйингоҳнинг жойини алмаштиришди. Неча марта мурожаат қилганмиз жойига қўйинглар деб. Аммо жойига қўйилгани йўқ. Сув қудуқларининг усти очиқ ва фарзандларимиз учун хавфли. Қарзимиз йўқ, – дейди Азиза Сагдиева.
Аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган ушбу ҳолатлар юзасидан ҳудудда хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компанияси раҳбарига юзландик.
– Шаҳрисабз шаҳри ва тумандаги 272 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатамиз, – дейди “Бекомикс” БСК раҳбари Низомжон Маллаев. – Шу қаторда ушбу 4 та 16 қаватли уйлар ҳам бор. Ҳозирги мурожаатларга келадиган бўлсак, болалар майдончаси бетоннинг устида эди, буни хавфсиз жойга олдик. Ёнларини ўраш жараёнида турибсиз. Насиб бўлса, 15-20 кунда ҳаммаси жойига тушади. Мен келгунимгача лифтдан, сувдан муаммо бор эди. Шу йилнинг апрель ойида қабул қилиб олганман. Бу ёғига сувдан, лифтдан ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Чиқинди масаласи бўйича чиқинди ҳудудини биз белгиламаймиз. Ваколатли ташкилот жойини белгилайди, қурувчи замон талабига мос қилиб қуради. Ҳали чиқиндихона қурилмаган. Қолаверса, чиқиндини олиб чиқиб кетиш ҳам бизнинг вазифамизга кирмайди. Дарахтларга келсак, улар шаҳар ободонлаштириш бошқармасига қарайди. Улар парваришини қилиши керак. Суғориш тизими назарда тутилган. Лекин у ҳам охирига етказилмаган.
[gallery-25319]
Демак, БСК раҳбарининг таъкидлашича, айни пайтда ҳудуддаги вазиятнинг кўпчилиги унга тегишли эмас. Ҳақли савол туғилади, ҳудуднинг тозалигига қарамаса, яшилликка эътибор бермаса, болалар майдончасининг ҳолати билан қизиқмаса, ўзи улар ҳудудда мулкдорлардан пул йиғишдан бошқа қайси вазифани бажаришади?
Ўйлаймизки, масъуллар ушбу масалага эътибор қаратади. Тез фурсатларда фуқароларнинг талаби қондирилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/bSC2L8CgGkg?si=Djy13fmAOywvh6uI" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари