Янги тизим молини хавфдан асрамоқчи бўлган чорвадор учун қай даражада муҳим?
Шу кунларда ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, кўпчиликни қизиқтираётган ва турли муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзулардан бирига кўзингиз тушади. Одамлар “Давлатнинг ит ва мушукларга паспорт беришдан бошқа муҳимроқ иши қолмабдими?”, “Энди молларимизни ҳам “ЗАГС”дан ўтказамизми?” деб ҳазил қилишмоқда.
Буни ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозлик сифатида қабул қилаётганлар ҳам бор. Аҳолининг бундай эътироз ва ҳазил қилишлари табиий ҳол. Жараённи тўғри тушуниш керак. Аммо бу масалага юзаки кулги ёки эътироз билан эмас, ҳаётий мантиқ асосида эътибор қилиш лозим.
Бундан бир неча йил аввал қишлоқда бўлган бир воқеа ҳалигача ёдимда. Қўшнининг яйловда элнинг чорваси билан юрадиган сигири тўсатдан озиб, орқага кетди. Ветеринар чақирилди. У молнинг ўткир ва юқумли касалликка чалинганини айтди. Энг ёмони, бу офат атрофдаги қайси подадан ўтганини, сигир аввал қаердан олиб келинганини эгаси ҳам аниқ айтолмади. Оқибатда бутун қишлоқ чорвадорлари ҳадикка тушди. Қанчадан-қанча одам молини бозорга чиқаролмай, сутини сотолмай сарсон бўлди.
Ўшанда ҳамма “Қани эди қайси мол қаердан келгани, қачон ва нимага қарши эмлангани бир жойда аниқ ёзиб қўйилган тизим бўлса...” деб гапирганди. Жорий йилнинг 7 августидан кучга кирадиган “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун айнан ана шундай ҳаётий муаммоларга барҳам бериш учун муҳим.
Масаланинг моҳияти шундаки, гап бирор бюрократик қоғозбозлик ёки навбатларда сарсон бўлиш ҳақида кетаётгани йўқ. Чорвага рақамли сирға тақиш орқали ягона электрон базага киритиш амалиёти бошланади. Бу худди автомобилга давлат рақами берилганидек ёки телефонларимиз тизимга бириктирилганидек замонавий жараён саналади.
– Бу тизим билан электрон рўйхатда турган молни ўғирлаш ва ноқонуний сотишда зарур қийинчиликлар туғилади, – деди Ҳайвонларни идентификация қилиш маркази мутахассиси Ғайрат Қўзибоев. – Чунки бозорга олиб чиқилган чорванинг эгаси кимлиги сониялар ичида аниқланади. Шунингдек, агар бирор молда хавфли касаллик аниқланса, бутун туман ёки вилоятга карантин қўйиб, ҳаммани сарсон қилмасдан, фақат ўша касаллик чиққан ягона хонадон ёки фермани тезкор блоклаш имкони туғилади. Бундан ташқари, бу дастурхонимизга келадиган гўшт ва сут маҳсулотларининг соғлом ҳамда тоза бўлишини кафолатлайди. Зеро, даволанаётган ёки антибиотик юборилган ҳайвоннинг гўшти маълум муддат сотувга чиқмаслиги тизимда назорат қилинади. Шундай экан, ит ва мушукларни рўйхатга олиш ҳам шунчаки эрмак эмас. Бу уларни ўз вақтида қутуришга қарши текин ва тизимли эмлаш, эгасиз ҳайвонлар кўпайишининг олдини олиш каби масалаларни ҳал этишда аҳамиятга эга.
Бу тартиб Ўзбекистонда ўйлаб топилган янгилик эмас. Дунёда қулоғида махсус сирғаси ёки чипи бўлмаган ҳайвонни бозорга чиқариш, гўштини сотиш умуман мумкин бўлмаган давлатлар кўпая бошлади. Халқаро тажрибада “фермадан дастурхонгача” бўлган занжир айнан шундай назорат қилинади.

“Хўш, агар бу тизим бизда ишламаса ва ҳамма нарса эскичасига қолиб кетса нима бўлади?” деган савол туғилиши табиий. Бундай ҳолда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи кучаяди. Одамлар бир кечада бор-буди бўлган чорвасидан айрилиб қолиш хавфи ортади. Касалликлар сабабли чорва сони камайса, бозорда гўшт ва сут нархи кескин қимматлашиши – оддий математика. Натижада, бозорларимизда сифатсиз ва хавфли гўшт маҳсулотлари кўпайишининг олдини олиш умуман имконсиз бўлиб қолади.
Албатта, бундай йирик тизимни бир кунда ёки бир ойда мукаммал ишлатиб бўлмаслигини давлат ҳам, мутахассислар ҳам яхши тушунади. Шу сабабли қонунда ҳаммаси босқичма-босқич ва одамларга ортиқча ташвиш туғдирмайдиган тарзда белгиланган.
Мисол учун қорамол ва қўй-эчкилар туғилгач бир ой ичида, ит ва мушуклар эса уч ойгача бўлган муддатда рўйхатга олинади. Энг муҳими, ортиқча хавотирга ўрин йўқ. Қонун августда кучга кирса-да, рўйхатдан ўтказилмаган уй ҳайвонларини сақлаганлик учун жавобгарлик 2028 йил 1 январдан бошлаб жорий этилади. Демак, ҳар бир хонадон эгасига ва чорвадорга янги тизимга бемалол, шошилмасдан кўникиб олиши учун қарийб икки ярим йил вақт берилмоқда. Тизимнинг дастлабки ижобий натижалари ва фойдаси яқин йилларда бозорларимиздаги нарх-наво барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигида яққол кўрина бошласа ажаб эмас.
«Молга паспорт, итга ҳужжат» деган гапларни биринчи эшитганимизда бироз эриш туюлиши мумкин. Аммо унинг ортида оиламиз тинчлиги, дастурхонимиз тўкинлиги ва соғлиғимиз ётибди. Тартиб ва аниқ ҳисоб-китоб бор жойда эса ҳамиша барака ва хавфсизлик бўлади. Бу янгиликка ортиқча мажбурият эмас, балки эртанги хотиржамлигимиз кафолати сифатида қарайдиган бўлсак, ундан фақат ўзимиз манфаат топамиз.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири