Янги қабул қилинган қонунлар тарғиб қилинмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси Абира Ҳусейнова иштирокида Бухоро вилоятининг туман ва шаҳарларида депутатлар, аҳоли вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
Бухоро шаҳридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва дўстлик уйи мажлислар залида ўтказилган учрашувда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли жабҳаларига оид кўплаб қонунлар қабул қилинаётгани, мазкур ҳужжатлар ўз йўналишидаги ишларни тартибга солиш билан бирга халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга, юртимиз тараққиётига хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
Йиғилишда Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони мазмун-моҳияти ҳамда Сенат таркибида ташкил этилган янги – Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ва унинг олдида турган вазифалар ҳақида тушунтириш бериб ўтилди.

Сенатор томонидан Президентимизнинг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг вазифалари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 25-26 июнь кунлари бўлиб ўтган Ялпи йиғилишида муҳокама қилиниб тасдиқланган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг мазмун моҳияти ҳақида атрофлича фикр юритилди. Қонун дастлаб 1991, сўнгра охирги таҳрири 1998 йилда қабул қилинган Қонунлар билан янги Қонуннинг фарқлари тушунтирилди. Диний соҳадаги қонун ҳужжатларида қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилди. Виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари белгилаб берилди. Диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни таъминланишининг кафолатлари, шу жумладан юқори турувчи орган ёки судга мансабдор шахсларнинг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича улар судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод этилиши мустаҳкамлаб қўйилганлиги алоҳида уқтирилди.

Йиғилишда Вилоят жамоатчилик кенгаши аъзолари ва Ижтимоий шерикчилик комиссияси аъзолари учун юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган қарорлар қабул қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА