Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради
Пойтахтимизда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳамда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда 500 дан ортиқ ёш иштирок этди. Тадбир давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси курсантлари томонидан саф, жанговар ва махсус тайёргарлик элементларини ўзида мужассам этган кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Қутқарувчи касби жасорат ва фидойилик тимсоли экани таъкидланиб, инсон ҳаётини асраб қолиш, унинг қувончи ва миннатдорлигига сабаб бўлиш ҳар бир қутқарувчи учун беқиёс ғурур ва шараф бағишлаши алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тизимда яратилаётган имкониятлар, касбий фаолият ва келгусидаги истиқболлар юзасидан батафсил жавоблар олди.

Қайд этилганидек, мазкур тадбир ёшларнинг ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими фаолияти ва қутқарувчиларнинг шарафли касбини кенг жамоатчиликка тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА