Янги Ўзбекистонни ёшлар барпо этади!
30 июнь куни мамлакатимизнинг миллионлаб ёшлари қалби чексиз ҳаяжонга, янги орзулар, мақсадлар ва эзгу интилишларга тўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг бир гуруҳ фаол ёшлари билан учрашувини барча ҳамюртларимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатди.
Шу куни мамлакатимиз ёшлари пойтахтимизда давлатимиз раҳбари ғояси ва ташаббуси асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Кейинги ўн йиллар давомида ёшларга қаратилаётган эътибор амалий ва натижадор аҳамиятга эгалиги билан диққатга сазовор бўлмоқда. Бу борада қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, ҳаётга фаол жорий этилаётган эзгу ташаббуслар янги Ўзбекистонда камолга етаётган ҳар бир навқирон авлоднинг ҳаётида, онгу-шуурида, кайфияти ва руҳияти, дунёқарашида, орзу-ниятларида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Таълим, илм-фан ва инновациялар, бадиий ижод, ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт, тадбиркорлик, илғор технологиялар соҳаларида юртимиз ёшлари учун янги-янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Бундай юксак эътиборнинг амалий натижаси ўлароқ, мамлакатимиз ёшлари халқаро фан олимпиадалари, маданият ва санъатга оид халқаро ижодий танловлар, спорт мусобақаларида зафар қозонмоқда.

Давлатимиз раҳбари билан учрашган ёшлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюргани ҳам бежиз эмас. Зеро, янги Ўзбекистоннинг маънавий асосларини барпо этишда ёшларнинг азму шижоати айнан шонли тарихимиз, буюк аждодларимизнинг закосидан куч-қувват олади.
Минг йиллик тарихимиздан, буюк аждодларимизнинг илмий салоҳиятидан, жаҳон тамаддунига ўзига хос бетакрор мерос бўлиб қўшилган улуғ кашфиётларидан сўзловчи ушбу маскан ҳар бир инсонда чексиз ҳаяжон, фахр, ҳайрат ва ҳавас уйғотиши табиий. Бугунги кунда ушбу муаззам ва улуғвор, табаррук гўша янги Ўзбекистоннинг ўзига хос маънавий қиёфасига айланди, десак муболаға бўлмайди.

Қизиқарли маърифий саёҳатдан сўнг пойтахтимиздаги "Олимпия шаҳарчаси"да Ёшлар кунига бағишланган “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида гала-концерт ташкил этилди.
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ўзининг юксак натижаларини бераётганини таъкидлади.
Жўшқин ва баланд кайфиятда ўтказилган концерт дастурида ёшларга қаратилаётган эътибор, мустақиллигимиз, Ватанимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.

– Президентимиз билан учрашувдан, умуман, бугунги байрамдан унутилмас таассуротлар олдик, - деди “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий мусиқа академик лицейи командири, катта лейтенант Шуҳратжон Муҳаммадхонов. – Мулоқотдан руҳланиб, кундалик фаолиятимизни янада масъулият билан йўлга қўйишга астойдил ҳаракат қиламиз.
– Мен ҳам устоз, ҳам тадбиркор сифатида фаолият кўрсатаман, - деди “Келажак бунёдкори” медали соҳибаси, Қарши шаҳридаги «Bolalar akademiyasi» нодавлат таълим муассасаси раҳбари Асал Зиёдова. – Президентимизнинг билдирган ишончлари катта орзуларимизни ҳаётга жорий этишда биз учун муҳим мотивация беради.
Далер Раҳимов бу йил Сингапурдаги NTU - Наньян технологиялар университетига ўқишга қабул қилинди. Ушбу университет муҳандислик, бизнес, технологиялар бўйича энг кучли ўқув дастурлари билан машҳур.
– Кимё фани бўйича Халқаро олимпиадада икки карра олтин, халқаро Менделеев олимпиадасида иккита кумуш ва битта олтин медалига сазовор бўлганман, - деди “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби Далер Раҳимов. – Президентимиз билан учрашув эзгу ва улкан орзуларим йўлида ўзига хос маёқ бўлгани аниқ.
– Бугун ёшлар учун кенг имкониятлар пайдо бўлмоқда, - деди “Келажак бунёдкори” медали соҳибаси, Андижон давлат педагогика институти докторанти Камола Одилжонова. – Тақдирланганлар сафида мен ҳам борлигим қалбимга чексиз қувонч ва ҳаяжон бағишлади. Давлатимиз раҳбари билан ўтказилган учрашувда айниқса, сунъий интеллект, рақамли технологиялар бўйича янги ташаббуслар илгари сурилгани барча ёшларни руҳлантирди. Айни пайтда Президентимизнинг “Камолахон, ота-онангизга раҳмат айтинг. Сиз каби ёшлар мамлакатимизга жуда керак”, деган сўзлари мени руҳлантириб юборди.
Дарҳақиқат, эътибор, эъзоз, эҳтиром, рағбат янги изланишлар, ташаббусларга қанот бағишлайди. Мамлакат раҳбарининг ёшлар билан учрашуви жараёнида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди. Зеро, янги Ўзбекистонни ёшлар барпо этади!
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари