Янги Ўзбекистонни муҳандислар барпо этади
Мамлакат ҳаётида шундай паллалар бўладики, улар нафақат бугунни, балки келажакни ҳам белгилаб беради. Олий таълим муассасаларига қабул жараёни ана шундай муҳим босқичлардан саналади. Айни кунларда юртимизда минглаб абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари олдида масъулиятли савол турибди: қайси соҳани танлаш керак? Қайси касб эртанги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолади? Қайси йўналиш инсонга нафақат муносиб иш ўрни, балки жамият тараққиётида муносиб ўрин ҳам бера олади?
Бу саволларга жавоб излар эканмиз, аввало, бир ҳақиқатни тан олишимиз лозим. Ҳозир юқори технологиялар даври. Давлатлар қудрати фақат табиий ресурс ёки молиявий имкониятлар билан эмас, илм-фан, инновация ва муҳандислик салоҳияти билан ўлчанмоқда. Қайси мамлакат кучли муҳандислар мактабига эга бўлса, айнан шу мамлакат саноат, энергетика, транспорт, қурилиш ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида рақобат устунлигига эришмоқда.
Янги Ўзбекистон ҳам тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйди. Бугун мамлакатимизда юзлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари, саноат зоналари ташкил этилмоқда, энергетика тизими модернизация қилиняпти, рақамли иқтисодиёт эса жадал ривожланмоқда. Фақат бир рақамнинг ўзиёқ бу жараёнлар кўламини кўрсатади: мамлакатимизда ҳар йили қарийб 3 мингта янги саноат корхонаси ишга туширилиб, 150 мингга яқин янги иш ўрни яратилмоқда.
2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиётини технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш режалаштирилган. Жорий йилнинг ўзида 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади. Келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилади. Табиий савол туғилади: бу улкан лойиҳаларни ким амалга оширади? Ким янги заводларни лойиҳалайди? Ким замонавий ишлаб чиқариш линияларини бошқаради? Ким энергетика объектлари, транспорт коммуникациялари ва рақамли инфратузилмаларни барпо этади? Албатта, муҳандислар.
Аслида муҳандиснинг меҳнати кўпинча кўзга ташланмайди. Биз ҳар куни электр энергиясидан фойдаланамиз, интернетга уланамиз, кўп қаватли уйларда яшаймиз, кўприклардан ўтамиз, поезд ва самолётларда ҳаракатланамиз. Буларнинг барчаси оддий ва табиий ҳолдек кўринади. Аммо ана шу қулайликлар ортида юзлаб муҳандисларнинг билими, меҳнати ва масъулияти мужассам. Чироқнинг ёнгани ҳам, сувнинг хонадонларга етиб келиши ҳам, заводнинг маҳсулот ишлаб чиқариши ҳам тасодиф эмас. Бу муҳандислик тафаккурининг амалий самарасидир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, муҳандислик фақат касб эмас. У тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи. Муҳандис муаммони кўради, таҳлил қилади ва унга ечим топади. Энг муҳими, у ғояни реал натижага айлантиради. Бугун робототехника, сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергетика, транспорт тизимлари, машинасозлик, ахборот технологиялари ва тиббий техника соҳаларида юз бераётган барча ўзгаришлар марказида муҳандислик билимлари турибди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур эканини таъкидлади.
Йиғилишда соҳадаги муаммолар ҳам очиқ тан олинди. Бугун юртимизда техника йўналишидаги 36 та давлат олий таълим муассасасида ҳар йили ўн минглаб мутахассислар тайёрланмоқда. Бироқ айрим ҳолларда таълим дастурлари ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан ортда қолаётгани, муҳандисларнинг катта қисми ўз мутахассислиги бўйича ишламаётгани қайд этилди. Бу эса таълим билан саноат ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Ана шу вазифаларни ҳал этишда Тошкент давлат техника университетининг ўрни ва масъулияти янада ортиб бормоқда.
Қарийб бир асрлик тарихга эга мазкур олийгоҳ мамлакатимиз муҳандислик таълимининг ҳақиқий таянчларидан бири ҳисобланади. Университет юртимиз саноати, энергетикаси, геологияси, кончилик соҳаси, машинасозлиги, нефть-газ тармоғи, қурилиш индустрияси ва ахборот технологиялари учун минглаб юқори малакали кадрларни тайёрлаб келмоқда.
Бугун университет олдига мутлақо янги вазифалар қўйилмоқда. Энди таълим жараёнлари ишлаб чиқариш билан янада яқин интеграция қилинади. Дуал таълим тизими кенгайиб, талабаларнинг билим олиши бевосита корхоналар билан боғланади. Илмий тадқиқотлар иқтисодиёт эҳтиёжларига хизмат қилади. Замонавий лабораториялар, муҳандислик марказлари ва инновацион майдонлар янги авлод муҳандисларини тарбиялашга хизмат қилади.
Албатта, бу бежиз эмас. Чунки келажакда рақобат давлатлар ўртасида эмас, технологиялар ўртасида кечади. Технологияларни эса муҳандислар яратади.
Айрим ёшлар муҳандислик қийин касб деб ҳисоблайди. Боиси, у математика, мантиқ, интизом ва катта меҳнат талаб қилади. Лекин ҳаётдаги энг катта натижалар ҳам айнан ана шу сифатлар орқали қўлга киритилади. Муҳандислик инсонни муаммодан қочишга эмас, уни ҳал қилишга ўргатади. Тайёр имкониятларни кутишга эмас, янги имкониятлар яратишга ўргатади.
Шу боис ота-оналар ҳам фарзандларининг техникага бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаши муҳим. Балки бугун компьютерларни қизиқиб ўрганаётган, механизмларни ажратиб кўраётган ёки робототехникага қизиқиб юрган бола эртага мамлакат иқтисодиёти учун муҳим ихтиролар яратадиган муҳандис бўлиб етишар.
Бугунги қабул жараёнида қарор қабул қилаётган ҳар бир абитуриент шуни англаб етиши лозимки, касб танлаш — шунчаки диплом эмас, балки келажакни танлаш демак.
Тошкент давлат техника университетини танлаган ёш шунчаки олийгоҳни танламаяпти. У мамлакат саноати, энергетикаси ва технологиялари ривожига хизмат қиладиган муҳандислик мактабини танламоқда. У тайёр дунёда яшашни эмас, янги дунёни яратишни танламоқда.
Зеро, ғояни иншоотга, лойиҳани корхонага, билимни технологияга айлантирадиган куч айнан муҳандислик. Муҳандис бўлиш мамлакат келажагини қуришда бевосита иштирок этишни англатади.
Санжар ШОҚЎЧҚОРОВ,
Тошкент давлат техника университети бўлим бошлиғи,
техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент
ЎзА