Янги Ўзбекистонга янгича дунёқараш билан
Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон – янги дунёқараш” маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари Самарқанддаги барча маҳаллаларда ташкил этилмоқда.
Самарқанд шаҳрининг 2-сектори ҳудудидаги “Боғимайдон” маҳалласи аҳли учун ўтказилган тадбирда давлат ва жамоатчилик вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, шоир, ёзувчилар, маданият, санъат усталаридан иборат тарғиботчилар иштирок этиб, юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида йиғилганларга сўзлаб берди. Байрамона руҳда ташкил этилган тадбирда маҳалла ёшларининг эришган ютуқлари, ижод намуналари кўргазмалари, спортчи ёшларнинг чиқишлари намойиш этилди. Маҳалланинг санъатга ошно ёшлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, шеър ва ғазаллар тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
- Пандемия сабаб кўпчилик уйда қолиб, карантин қоидаларига амал қилишга мажбур бўлди, - дейди маҳалла раиси Тошпўлат Раҳматуллаев. – Маҳалламизда икки мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Тўғриси, одамлар пандемия даврида уйда ўтириб анча зерикиб қолди. Бугунги тарғибот тадбири ташкилотчилари томонидан байрамона руҳда ўтказилиб, фуқароларга кўтаринки кайфият улашилди. Маҳалламиз аҳли юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан тўғри хулоса чиқариб, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини туйган ҳолда ўзларининг самарали фаолиятлари билан муносиб ҳисса қўшишади.
Тадбир давомида самарали фаолияти, маҳалладаги маънавий-маърифий ишлардаги фаоллиги, фидойилиги учун бир қатор маҳалла фаолларига Самарқанд шаҳар ҳокимининг ташаккурномаси топширилди.




Алишер ИСРОИЛОВ(сурат), ЎзА