Янги Ўзбекистон ёшлари: имкониятлардан – юқори натижалар сари
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 февраль куни мамлакат ёшлари билан ўтказган очиқ мулоқоти юртимиздаги шижоатли ва изланувчан авлод вакиллари учун янги имкониятлар эшигини очди.
Бу тарихий учрашув нафақат соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштирди, балки ҳар бир йигит-қизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, улар учун чинакам янгиланишлар тўлқинини бошлаб берди. Мазкур ташаббуслар ижросини таъминлаш, ёшларнинг бизнес ғояларини тинглаш мақсадида жойларда ташкил этилаётган доимий мулоқотлар бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимиздаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки раҳбарияти ва талаба ёшлар иштирокидаги очиқ мулоқотда асосий эътибор Президентимиз томонидан илгари сурилган истиқболли лойиҳаларга қаратилди. Учрашувда банк мутасаддилари талабаларнинг фикр-мулоҳазалари, стартап ғоялари ва тадбиркорлик ташаббуслари билан яқиндан танишиб, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг молиявий механизмларини тушунтириб берди.
Айниқса, имтиёзлардан фойдаланиб ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ёшларнинг шахсий тажрибалари давра суҳбатига алоҳида жонлилик бағишлади. Улар ўз тенгдошларига муваффақиятга эришиш йўллари ва давлат томонидан берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича ўз тажрибасини сўзлаб берди.

–Давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор менинг тадбиркорлик фаолиятимда бурилиш ясади, дейди тадбир иштирокчиси ёш тадбиркор. – Миллий банкнинг имтиёзли кредит линияси асосида ўз лойиҳамни амалга оширдим ва бугунги кунда нафақат даромад топяпман, балки тенгдошларимни иш билан таъминладим. Энг муҳими – қўрқмасдан қадам ташлаш ва мавжуд шароитларни тўғри баҳолаш экан.
Мулоқот давомида масъуллар томонидан “Келажакка қадам” дастурининг янги қирралари, ёш тадбиркорлар учун яратилган қўшимча қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Талабалар эса ўз навбатида бизнес лойиҳаларини амалга оширишда юзага келаётган саволлар ва айрим тизимли муаммоларни ўртага ташлади. Ҳозирда ўз инновацион ишланмаси устида ишлаётган Абдулла Абдуллаев каби ёшлар учун бу учрашув катта мотивация манбаи бўлди.

– Менинг лойиҳам рақамли технологияларга асосланган бўлиб, ҳозирда унинг техник қисмини якунлаш арафасидаман, – Стартап лойиҳаси муаллифи Абдулла Абдуллаев. – Учрашувда берилган маълумотлар, айниқса, давлат раҳбари томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар ажратилгани ҳақидаги янгилик бизни янада руҳлантирди. Яқин келажакда Миллий банкнинг янги имтиёзларидан фойдаланиб, ўз стартапимни йирик бизнес даражасига олиб чиқмоқчиман.

Учрашув якунида таъкидланганидек, Президент томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилган маблағлар ва яратилаётган шароитлар Ўзбекистоннинг янги авлод тадбиркорларини камол топтиришга хизмат қилади. Бу каби юзма-юз мулоқотлар эса ёшларнинг муаммоларини тинглаш ва уларнинг энг дадил ғояларини рўёбга чиқаришда муҳим кўприк бўлиб қолмоқда. Зеро, ёшларга берилган имконият – бу мамлакат келажагига тикилган энг мақсадли инвестициядир.
Мадина Насриева,
ЎзА