“Янги Ўзбекистон” университетида бир кун спорт билан
Давлатимиз раҳбарининг “Жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда жорий йил 7 апрель куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида олий таълим муассасаларида оммавий спорт мусобақалари доирасида “Ректор кубоги”ни ўтказиш вазифаси белгиланган.
“Янги Ўзбекистон” университетида профессор-ўқитувчилар, талабалар, ишчи-хизматчилар ўртасида мини-футбол, волейбол, стол тенниси ва шашка бўйича ўтказилаётган “Ректор кубоги” мусобақалари айни масалалар ижросини таъминлаш асносида иштирокчиларга спорт завқини туҳфа этмоқда.

Куни кеча мазкур спорт турлари бўйича қуръа ташлаш маросими ҳамда илк саралаш мусобақалари бўлиб ўтди.

— Кейинги йилларда мамлакатимизда оммавий спорт турлари бўйича турли мусобақаларнинг йўлга қўйилиши натижасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзига эътибор ортди. Бу, ўз навбатида иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Университетимизда “Бир кун спорт билан” шиори остида ўтаётган бу галги “Ректор кубоги” мусобақалари нафақат таълим муассасамиз, балки қўшни маҳалла ва ташкилот ходимларини ҳам қамраб олгани билан эътиборли бўлди. Мусобақалар 150 нафарга яқин спортсеварларни қамраб олгани, ҳар бир йўналиш бўйича иштирокчи жамоалар 9 тадан экани спортга қизиқиш йилдан йилга ошиб бораётганидан далолат, — дейди “Янги Ўзбекистон” университети Касаба уюшмаси ташкилоти раҳбари Умид Ражабов.

Бугун, 9 июль куни мини футбол, волейбол, стол тенниси, шашка ҳамда раҳбарлар ўртасида 6 метрлик жарима тўпи тепиш баҳсларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА