Янги Ўзбекистон тараққиёти учун
Келгуси етти йилда мамлакатимизнинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисидаги фармони ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ҳамда ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳалари regulation.gov.uz ва 2030.strategy.uz порталларида кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Урганч шаҳрида ўтказилган тадбир “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳиятига бағишланди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан ўтказилган жамоатчилик муҳокамаси тадбирида Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят ҳокимлиги котибият мудирлари, Халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашлари депутатлари, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг маъно-моҳияти ҳақида сўз борганда, унинг энг муҳим аҳамияти “Инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри – олий қадрият” деган тамойилга қаратилган. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган стратегия кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб таклифлар олинмоқда.
[gallery-13133]
–Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, жамият ислоҳотлар ташаббускори тамойилини амалга ошириш мақсадида аҳолини давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда, белгиланган вазифалар ижроси таъминланмоқда, дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Бобур Исмоилов. – “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари осон қабул қилиш ва тушуниш учун қулай шаклда ифодаланган бўлиб, унда 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган.
–Ушбу стратегия лойиҳасида мактаблардаги катта синф ўқитувчиларининг иш соатларини 20 соатдан 18 соатга, бошланғич синф ўқитувчиларининг иш соатини 16 соатга камайтириш лозимлиги белгиланган, – дейди Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳодир Тиллаев. – Бу эса ўз навбатида таълим соҳасида янги иш ўринларининг пайдо бўлишига имкон яратади. Бизнинг ҳисобимизча вилоятимизда ана шу ислоҳот амалга оширилса, 1 минг 700 нафар янги педагогларни иш билан таъминлай оламиз.
Тадбир сўнгида стратегиянинг ижросини таъминлашда барча бирдек масъул эканлиги ва белгиланган мақсадларга бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқалигина эришиш мумкинлиги ҳақида хулоса қилинди.
Аҳмаджон ШОКИРОВ, Бекзод Саидов (сурат), ЎзА