Янги Ўзбекистон спорти: ислоҳотлар ва ютуқлар
Ўзбекистон давлат спорт академиясида жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий давра суҳбати ўтказилди.
Талаба-ёшлар, академия ходимлари, спортчи ва мураббийлар иштирок этган тадбир давомида мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилган улкан ютуқлар ҳамда бугунги тараққиётнинг муҳим тамойиллари ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Айниқса, кейинги йилларда спорт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, қисқа фурсатда жойларда яратилган замонавий спорт инфратузилмалари, ёшларни спортга жалб этиш борасидаги ишлар, йўлга қўйилган комплекс мусобақалар халқимизга чексиз ифтихор бағишлагани таъкидланди.

Бундан ташқари, ишлаб чиқилган дастур ва лойиҳалар, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, спорт таълимини ривожлантириш борасидаги тизимли ислоҳотлар янги Ўзбекистон ғоясини, мамлакатимиз қудратини дунёга янада ёрқинроқ намоён этаётгани эътироф этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон спортчиларининг нуфузли халқаро мусобақаларда, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида қўлга киритаётган ютуқлари мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг амалий самараси эканлиги қайд этилди.
Давра суҳбатида талаба-ёшларнинг Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлаш, мустақиллик берган имкониятларни қадрлаш, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, спорт соҳасидаги ислоҳотлар ва академиянинг келгусидаги ривожланиш истиқболлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Т.Рўзиев, ЎзА