“Янги Ўзбекистон” массиви - Ёзёвон кўрки
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон массивларини қуриш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида Фарғона вилояти Ёзёвон тумани “Юқори Сойбўйи” МФЙ ҳудудидан Марғилон-Улуғнор йўли бўйлаб 65,4 гектар ер майдони ажратилди.

Ушбу ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массивини барпо этиш, 138 та кўп қаватли уй қуриш ва 3 минг 800 дан ошиқ оилани турар жой билан таъминлаш, кичик саноат зонаси, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, маданият саройи, ёзги амфитеатр, поликлиника, маиший хизмат кўрсатиш ва савдо дўконлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан имзоланган режа-дастурга асосан ушбу янги массивга навбатдаги пресс-тур ташкил қилинди. Республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари танишувни массивда қад ростлагани 40-сонли умумтаълим мактабидан бошладилар.

21261,7 млн. сўм маблағ эвазига бунёд этилган 5 қаватли мактабда ўқув ва фан-лаборатория хоналаридан ташқари спорт зали, ошхона ва ташқи спорт майдонлари мавжуд. Барча синф хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Худди шундай, яқин кунларда фойдаланишга топшириладиган 420 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ҳам кўркам қиёфаси, замон талабларига мос шароитларга эгалиги билан тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Журналистлар учун “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиш штабида матбуот анжумани ўтказилди. Унда янги массивнинг истиқболи, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тутадиган ўрни ҳақида кенг маълумот берилди.

[gallery-16131]
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА