Янги Ўзбекистон маънавий қиёфасининг тимсоли
Давлат тили — миллий юксалиш ва янги Ўзбекистон маънавий тараққиётининг муҳим асоси.
21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбати ана шу мавзуга бағишланди.
Депутатлар, давлат тилини ривожлантиришга масъул идоралар вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти мутасаддилари, олимлар, ёзувчи ва журналистлар ҳамда ёшлар иштирокида ўтган тадбирда давлат тилининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, унинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Тадбирда сўз олган халқ вакиллари, ёзувчи ва олимлар мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги мавқеини юксалтириш, она тилимизга нисбатан ҳурмат ва эътиборни янада ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этди.
Бу борада Президентимизнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни сифатида белгилангани, 2020 йил 10 апрелда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани ўзбек тилимизнинг мавқеини, нуфузини янада юксалтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир.

Бундан ташқари, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда уни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 20 октябрдаги давлат тилини янада ривожлантиришга оид қарори ўзбек тилининг софлигини сақлаш, давлат тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш, унинг нуфузини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Давра суҳбатида ўзбек тилининг софлигини сақлаш, уни замонавий атама ва тушунчалар билан бойитиш, унинг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва обрў-эътиборини янада ошириш, айниқса, ёш авлоднинг она тилимизга ҳурмат-эътиборини юксалтириш борасида қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ўзбек тилининг бой тарихи, унинг ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва маърифатпарварларнинг маънавий-илмий мероси ҳақида сўз юритилди. Қайд этилганидек, асрлар давомида буюк алломаларимиз асарларида сайқал топган она тилимизни асраш баробарида, аждодларимизнинг асарларини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш орқали ўзбек тилининг бой имкониятларини кенг намоён қилиш лозим.
Шунингдек, давра суҳбатида Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолиятида давлат тили меъёрларига риоя этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг тил жиҳатидан равон ва кенг жамоатчилик учун тушунарли бўлишини таъминлаш, ўзбек тилининг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Давра суҳбатида билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, давлат тилини ривожлантириш ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда келажак авлодга бой маънавий мерос сифатида безавол етказиш, бу борада парламент аъзолари, зиёлилар, вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА