Янги Ўзбекистон: Ислоҳот ва янгича бошқарув фалсафаси
“Янги Ўзбекистон” сўнгги йилларда мамлакат тараққиёти билан боғлиқ ҳолда энг кўп тилга олинаётган тушунчалардан бирига айланди. Бу атама фақат сиёсий шиор ёки ислоҳот дастури эмас. Таҳлилларга кўра, мазкур концепция давлат бошқаруви, жамият ва фуқаро ўртасидаги муносабатнинг бутунлай янги кўринишини шакллантиришга қаратилган. Кўзланган мақсад эса давлат фаолияти марказига инсон манфаатини чиқариш.
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев таъкидлашича, Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган таҳлилнинг биринчи қисми мамлакат суверенитети, давлатчилик ва иқтисодий асос шаклланишига бағишланади, иккинчи қисм давлат қандай ўзгаргани ҳақида сўз юритади. Хусусан, давлат институтлари, кадрлар сиёсати, ҳуқуқий тизим, ахборот сиёсати, фуқаролик жамияти, экология ва дин соҳасидаги ўзгаришлар яхлит тизим сифатида баҳоланади. Муаллиф бу жараённи алоҳида ислоҳотлар йиғиндиси эмас, балки давлат бошқаруви усули янгиланиши тарзида талқин қилади.
Асосий ғоя Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” тамойилида мужассам. Айни ёндашув давлат ва жамият муносабатига янгича мазмун берди. Энди фуқаро бошқарув объекти эмас, балки унинг фикри давлат сиёсати самарадорлигини баҳолайдиган асосий мезон. Мазкур тамойил фақат ғоя даражасида қолмай, халқ қабулхонаси, сайёр қабул, давлат идоралари очиқлиги ва раҳбарлар ҳисобдорлиги орқали амалиётга татбиқ этилди.
Таҳлилда “Янги Ўзбекистон” концепцияси тўрт таянч устунга қурилгани қайд этилади. Биринчи – инсон қадри устуворлиги. Бу тамойил 2023 йил қабул қилинган Конституцияда мустаҳкамланиб, “Инсон қадри учун” ғояси давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосига айланди. Иккинчи – очиқлик сиёсати. Ташқи дунё энди хавф манбаи эмас, тараққиёт учун янги имконият сифатида баҳоланади. Учинчи – қонун устуворлиги ва ҳуқуқий барқарорлик фуқаролар ва инвесторлар учун бир хил, олдиндан маълум қоидани таъминлашга қаратилган. Тўртинчи – ижтимоий давлат тамойили давлатнинг аҳоли фаровонлиги учун масъулиятини янада кучайтирди.
Ҳужжатнинг амалий ифодаси стратегик дастурларда акс этди. Аввал қабул қилинган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми сифатида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди. Сўнгра “Ўзбекистон-2030” стратегияси қабул қилиниб, мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт мақсади белгиланди. Бу ҳужжатлар бир-бирини такрорламасдан, ислоҳотни изчил давом эттирувчи ягона тизимни ташкил этади.
Муҳим жиҳатлардан бири – стратегик ҳужжат ишлаб чиқиш жараёнига кенг жамоатчилик жалб этилиши. Таҳлилда келтирилишича, 5 миллиондан ортиқ фуқаро танишган 2026 йилги Давлат дастури лойиҳаси бўйича 22 000 дан зиёд таклиф билдирилган. Олий таълим муассасаларида ўтказилган муҳокамаларда ўн минглаб талаба, ўқитувчи ва давлат хизматчиси иштирок этган. Бу амалиёт энди давлат дастури шунчаки идоравий ҳужжат эмас, балки жамоатчилик иштирокида шаклланадиган ижтимоий келишувга айланаётганидан далолат.
Ушбу ҳужжат 337 аниқ тадбирни бирлаштирган. Натижадорлик кўрсаткичи билан белгиланган ҳар бир вазифанинг ижроси йил якунида баҳоланиши назарда тутилган. Маҳалла инфратузилмасини янгилаш, иқтисодиётни инновацион моделга ўтказиш, янги меҳнат бозорини шакллантириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Шу билан бирга Жўраев мавжуд хатарни ҳам кўради: асосий муаммо қарор қабул қилиш суръати билан ижрони жойларда амалга ошириш имконияти ўртасидаги тафовут. Шу боис кейинги босқичда ислоҳотни алоҳида раҳбар ташаббуси эмас, балки барқарор ишлайдиган институтларга таянган тизим қилиш муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Давлат бошқарувига янгича ёндашув: очиқлик, рақамлаштириш ва масъулият
“Янги Ўзбекистон” концепциясидаги муҳим бандлар давлат бошқаруви тизими билан боғлиқ. Аввал асосан маъмурий бошқарувни мувофиқлаштирган давлат идоралари бугун аҳоли эҳтиёжига тезкор жавоб бериш, очиқликни таъминлаш ва хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш учун жавобгар. Бу жараён давлат муассасалари фаолиятидаги асосий ўзгариш сифатида баҳоланган.
Давлат ва фуқаро мулоқоти янги босқичга кўтарилди. Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали миллионлаб мурожаат кўриб чиқилди. Барча даражадаги раҳбарлар маҳаллаларда сайёр қабул ўтказиши анъанаси йўлга қўйилди. Давлат идоралари очиқлиги рейтинги эълон қилиниб, раҳбарларнинг аҳоли олдида оммавий ҳисобот бериш амалиёти жорий этилди. Шу тариқа давлат идоралари фаолияти ёпиқ тизимдан очиқ бошқарув услубига ўтмоқда.
Рақамлаштириш ҳам ислоҳотнинг муҳим йўналишига айланди. Бугун Ягона интер фаол давлат хизмати портали орқали юзлаб хизмат электрон шаклда кўрсатилмоқда. Электрон ҳукумат, электрон ҳужжат айланиши, рақамли идентификация ва электрон давлат хариди тизимлари жорий этилди. Шунингдек, лицензия ва рухсатнома талаб қилинадиган фаолият турлари кескин қисқартирилиб, жуда кўп хизмат рухсат олиш эмас, балки хабар бериш тартибига ўтказилди. Бошқача айтганда ортиқча қоғозбозлик, бюрократик тўсиқ камайди.
Ҳуқуқий ҳимоя соҳасида ҳам муҳим институционал янгиликлар юз берди. Маъмурий суд ташкил этилди, давлат идораси қарори устидан шикоят қилишнинг таъсирчан механизми шаклланди. Жуда муҳим ўзгариш – қарор қонунийлигини исботлаш мажбурияти фуқаро эмас, давлат идораси зиммасига юклатилгани. Бу давлат ва фуқаро муносабатида ҳуқуқий мувозанат таъминланишига қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатида алоҳида йўналиш сифатида белгиланди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди, соҳавий қонун қабул қилинди, давлат хизматчиси даромадини қайд этиш, меъёрий ҳужжатни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва давлат хизматини рақамлаштириш механизми жорий қилинди. “Очиқ бюджет” платформаси орқали аҳолига бюджет маблағининг бир қисмини тақсимлашда иштирок этиш имкони яратилди, давлат мулкини сотишда электрон аукцион амалиёти кўлами кенгайди.
Давлат хизматини ташкил этиш тизими ҳам тубдан янгиланди. “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, ягона малака талаби, очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш, хизмат самарадорлигини баҳолаш ва манфаатлар тўқнашувини чеклаш каби замонавий механизмлар жорий этилди. Шунингдек, кадрлар сиёсатини мувофиқлаштирувчи махсус Давлат хизмати департаменти ташкил этилди.
Сайфиддин Жўраевнинг фикрича, кейинги босқичда давлат хизматини рақамлаштиришдан ўта фаол давлат моделига ўтиш зарур. Яъни, давлат хизмати фуқаро мурожаат қилишини кутмасдан, муайян ҳаётий ҳолат юзага келганда бевосита тақдим этилиши лозим. Бинобарин, мазкур жараён идоралар аро ахборот тизимини тўлиқ уйғунлаштириш, ягона маълумот реестрини шакллантириш ва шахсий маълумот хавфсизлигини янада кучайтириш зарурати билан боғлиқ.
Таҳлилда яна бир муҳим муаммога эътибор қаратилган. Замонавий давлат бошқарувида асосий танқислик ходим сони эмас, балки таҳлилий салоҳиятга боғлиқ. Муайян вазирлик ёки идора қарор қабул қилишда маълумотни чуқур таҳлил қилиш, эҳтимолий оқибатни баҳолаш ва муқобил ечим ишлаб чиқиш қобилиятини кучайтириши лозим. Шунингдек, коррупцияга қарши курашда жазолаш эмас, балки салбий ҳолатни келтириб чиқарадиган сабабни бартараф этишга устувор аҳамият бериш таклиф этилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА